Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида «Ҳамдўстлик – 2020» ўқув машғулотига старт берилди

12.03.2020 12:48

ТОШКЕНТ, 12 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси Мудофаа вазирликларининг махсус кучлари ўртасида ҳамкорликдаги ўқув машғулоти бошланди. Бугун мазкур ўқув машғулотининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Мудофаа вазирлиги манбасига асосланиб.

Унда сўз олганлар бугунги кунда муҳим ва долзарб бўлган хавфсизлик масалаларига алоҳида тўхталди. Шунингдек, ҳар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси сабаб мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларнинг тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳарбий ҳамкорликларга ҳам катта йўл очиб бергани таъкидланди.

Ўқув машғулоти Тожикистон Республикаси Хатлон вилоятида жойлашган «Фахробод» дала-ўқув майдонида бўлиб ўтмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг илк қўшма машғулоти 2018 йилда имзоланган ҳарбий ҳамкорликдан сўнг ўша йилнинг сентябрь ойида Тожикистондаги «Чорух-Дайрон» ўқув маркази базаси ва «Нурафшон» полигонида бўлиб ўтган эди. Ҳар икки давлат вакиллари иштирокида навбатдаги қўшма машғулот 2019 йилнинг 16-21 сентябрь кунлари Наманган вилоятидаги «Ғурумсарой» полигонида ташкил этилганди.

 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net