Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари Москвада олий ва юқори даражалардаги тадбирлар жадвалини муҳокама қилди

02.03.2021 12:31

ТОШКЕНТ, 2 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Москва шаҳрида амалий ташрифи давомида бугун Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, учрашув чоғида вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия томонини жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилган мактубини топширди.

Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилди.

?лгари эришилган келишувларнинг ижро жараёни ҳамда бўлажак олий ва юқори даражалардаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида доимий авиақатновларни тиклаш масаласини, Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудига кириши билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш имконияти юзасидан фикр алмашди.

Вазирлар БМТ, МДҲ, ШҲТ ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг турли жиҳатлари борасида ҳам сўз юритди.

Афғонистондаги бугунги вазият, инклюзив афғонлараро музокараларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон иштирокида транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида ташқи ишлар вазирларининг оммавий ахборот воситалари учун брифинги ўтказилиб, музокараларнинг натижалари эълон қилинди ва журналистлар саволларига жавоб берилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net