Ўзбекистон ва Қозоғистон Бош вазирлари бошчилигидаги ҳукумат делегациялари музокаралар ўтказди

17.05.2022 11:41

ТОШКЕНТ, 17 май. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Бош вазири Aлихон Смаилов бошчилигидаги ҳукумат делегациялари ўртасида видеоконференцалоқа шаклида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Бош вазири матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президентлари Қасим-Жомарт Тоқаев ўртасидаги очиқ ва ишончли муносабатлар туфайли ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Давлатларимиз раҳбарлари томонидан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини жорий йил охиригача 5 миллиард долларга, яқин йилларда эса 10 миллиард долларга етказиш бўйича ишларни давом эттириш юзасидан тегишли топшириқлар берилган.

Учрашувда мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш, амалга оширилаётган ишлар ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.

 Ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари изчил ўсиб бораётгани, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги жадал алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Бу борадаги ишларни фаоллаштириш мақсадида икки давлат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари вакилларининг вилоятларга ўзаро ташрифларини амалга ошириш таклиф этилди.

Мулоқот чоғида саноат кооперацияси, транспорт-логистика, энергетика, инфратузилма ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 Сув-энергетика соҳасида яқин ҳамкорлик қилиш ва икки мамлакат тегишли вазирликларининг мувофиқлаштирилган ишини таъминлашдан манфаатдорлик билдирилди.

 Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳам эътибор қаратдилар.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net