Ўзбекистон ва Эрон делегациялари маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди

09.03.2021 12:49

ТEҲРОН, 9 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов бошчилигидаги делегация Эронга ташрифи доирасида бугун Эрон маданий мерос, ҳунармандчилик ва туризм вазирининг ўринбосари Муҳаммад Ҳасан Талебиён билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон ва Эрон қадимий маданият, бой тарихий мерос ва улкан сайёҳлик салоҳиятига эга давлатлар экани, шунинг учун ҳам томонлар ушбу соҳаларда ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришдан манфаатдорлиги таъкидланди.

Ўтган йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Эрон туроператорлари ассоциацияси ўртасида биринчи марта ўтказилган видеоконференция ўзаро муносабатларнинг муҳим имкониятларини очиб берди. Шунингдек, тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик истиқболларини бевосита муҳокама қилиш учун асос бўлиб хизмат қилди.

 Эроннинг «Zagros Airlines» ва «Aseman Airlines»  компаниялари раҳбариятининг «Теҳрон-Тошкент-Теҳрон», «Теҳрон-Бухоро-Теҳрон» ва «Машҳад-Бухоро-Машҳад» йўналишларида сайёҳлик чартер рейсларини амалга ошириш тўғрисидаги қарори мамнуният билан қабул қилинди.

Эрон фуқаролари 2019 йил 19 мартдан бошлаб Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун электрон виза олиш имкониятига эга бўлди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги маданият ва ҳунармандчилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, эронлик реставрация ишлари бўйича усталар ва мутахассислардан иборат делегацияни Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва мамлакатимиз мутахассислари учун тарихий-маданий мерос объектларини ўрганиш ва тиклаш бўйича тренинглар ўтказишга қизиқиш билдирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net