Ўзбекистон ва АҚШ ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарлари телефон орқали мулоқот чоғида йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар форматини Стратегик ш

01.12.2020 16:59

ТОШКЕНТ, 1 декабрь. «Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Давлат котиби Ўзбекистон делегациясининг 16-20 ноябрь кунлари Вашингтонга амалга оширган ташрифи чоғида муваффақиятли ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларни олқишлади.

Ташриф давомида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича атрофлича фикр алмашилганлиги ва амалий аҳамиятга эга келишувларга эришилганлиги қайд этилди.

Майкл Помпео Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар дастурини изчил қўллаб-қувватлашда собит эканлигини тасдиқлади.

Давлат департаменти раҳбари сиёсий маслаҳатлашувлар шакли Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик даражаси ва суръатини акс эттирувчи Стратегик шериклик мулоқотига ўзгарганлигининг муҳим аҳамияти ҳақида алоҳида таъкидлади. 

АҚШ ва Ўзбекистон мазкур Мулоқот доирасида сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга интилади. Томонлар Ўзбекистонда олиб борилаётган бозор иқтисодиётига йўналтирилган сиёсат ва хусусийлаштириш жараёнлари мобайнида савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган.

Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик, «С5+1» форматидаги ўзаро муносабатлар, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Майкл Помпео жорий йил 2-3 февраль кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган эди. Музокаралар давомида сўнгги йилларда барқарор, тизимли ва ишончли мазмун касб этган Ўзбекистон-АҚШ кўп қиррали муносабатлари жадал ривожланаётгани қайд этилганди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net