Ўзбекистон – Ўмон: ҳамкорликда ривожланишнинг янги босқичида

22.04.2020 14:23

ТОШКЕНТ, 22 апрель. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг ишончли шерикларидан бири ҳисобланган Ўмон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йилнинг декабрь ойида тан олганди. Ўзбекистон Республикаси билан Ўмон Султонлиги ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган 1992 йилнинг 22 апрель кунидан буён эса икки давлат ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб келмоқда. Бунда олий даражадаги ташрифлар муҳим ўрин тутади.

Ташрифлар чоғида ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олиниб, жорий шериклик учун асос бўлаётган шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтирувчи 19 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланган. 2010 йил апрель ойида эса Тошкентда Ўмон Султонлиги элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Шу тариқа молиявий-иқтисодий жиҳатдан изчил ривожланаётган Ўмон Султонлиги билан алоқаларни фаоллаштириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имконияти ортди.

?кки давлат Ташқи сиёсат идоралари ўртасида ўзаро маслаҳатлашувларнинг доимий ўтказиб келинаётгани эса икки ва кўп томонлама, шунингдек, халқаро ҳаётда кун тартибида турган масалалар бўйича фикр алмашиш ва якдил ҳаракатларни амалга оширишга имкон бермоқда. Бунда 2008 йилда ташқи сиёсат маҳкамалари имзолаган сиёсий маслаҳатлашувлар тўғрисидаги англашув меморандуми ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Ўзбекистон – Ўмон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар йил сайин ривожланиб бормоқда. Биргина мисол. 2019 йилнинг биринчи чорак якунида эришилган ўзаро савдо-сотиқ ҳажмининг ўзи 2018 йилдаги товар айланмасига нисбатан деярли уч баробарга ортди. Ўзбекистондан Ўмонга асосан рангли металлар ва улардан ишланган буюмлар, хизматлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари экспорт қилинади.  Ҳамкор мамлакатдан эса қурилиш моллари, жумладан, гипс, тош ва улардан ишланган маҳсулотлар, косметика ва парфюмерия воситалари импорт қилинди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда Ўмон Султонлиги капитали иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилган «Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компанияси» ва “Узоманкапитал” мамлакат иқтисодиёти ривожида муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, “Узоманкапитал” компанияси томонидан иқтисодиётнинг турли секторларида умумий қиймати 190 миллион АҚШ долларидан иборат 14 инвестиция лойиҳаси молиялаштирилди.

Айни кунларда Ўмон тадбиркорлари ва хусусий бизнес вакиллари билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этиш мақсадида қатор лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. “Al Hamdani Group” инвестиция компанияси бошқаруви кенгаши раҳбари шайх Абдуллоҳ Муборак ал-Ҳамданий бошчилигидаги ишбилармонларнинг 2019 йилнинг 14-18 май кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, мамлакатларимиз транзит йўлагини барпо этишдан манфаатдордир ва “Ўзбекистон, Туркманистон, Ўмон ва Эрон ҳукуматлари ўртасида халқаро транспорт ва транзит йўлини барпо этиш тўғрисида”ги битим (Ашхобод битими) иштирокчилари ҳисобланади. Ушбу битим бўйича ишчи қўмитанинг биринчи йиғилиши Тошкентда 2017 йилнинг 1-2 март кунлари бўлиб ўтди.

Айни пайтда мамлакатимиздан Ўмонга юк ташишда Навоий вилояти ҳаво кенгликлари орқали амалга оширилаётган авиақатновлар муҳим ўрин тутмоқда.

Қадриятлар ва анъаналарни асраб авайлаш, аждодлар илмий, маърифий, диний меросини кенг тадқиқ қилиш ва тарғиб қилиш Ўзбекистон – Ўмон ўртасидаги маданий, ижтимоий-гуманитар алоқаларнинг асосий йўналишлари ҳисобланади.

?кки давлат ўртасида Ўзбекистон кутубхоналарида сақланаётган юз мингдан зиёд қўлёзма асарлар ҳамда архитектура ёдгорликларини ўрганиш, уларни ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган. Чунончи, Тошкентда 2009 йилнинг 30 март куни Ўзбекистон билан Ўмон ҳукуматлари ўртасида имзоланган “Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги кутубхона биносини қуриш тўғрисида”ги англашув меморандуми имзоланганди. Келишувга кўра, Ўмон лойиҳа учун 20 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ йўналтирди. 2018 йил март ойида эса Ўмон Султонлигининг ўша пайтдаги мерос ва маданият вазири Ҳайсам бин Ториқ (2020 йилнинг 11 январидан Ўмон Султони) мамлакатимизга ташриф буюриб, ушбу лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши маросимида иштирок этди.

?лмий ҳамкорлик замонавий билим ва кўникмага эга кадрларнинг янги авлодини шакллантириш йўналишида ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Ўтган вақт мобайнида мамлакатимизда Ўмон вакиллари иштирокида «Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг муҳим омили» мавзусида халқаро конференция, “Узоқ ва Яқин Ўмон” мавзусида кўргазма ташкил этилди. Ўтган йили Тошкентда ўтказилган “Бағрикенглик, ўзаро англашув, бирдамлик ва тотувлик: Ўмон ислом рисоласи” номли кўргазмаси ўтказилди.

Ўмон делегация вакиллари Ўзбекистонда ўтказиб келинаётган “Мақом”, “Шарқ тароналари” ва “Халқаро ҳунармандчилик” фестивали фестивалларида фаол иштирок этиб келмоқда. Қўқон шаҳрида 2019  йилнинг сентябрь ойида ўтказилган “Халқаро ҳунармандчилик” фестивалида Ўмон Ҳунармандчилик давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Абдулваҳҳоб ал-Мунзирий бош меҳмон сифатида иштирок этди.

Албатта, Ўзбекистон ва Ўмон муносабатлари янги босқичга кўтарилишидан мамлакатларимиз бирдек манфаатдор. Жорий натижалар эса юксак марраларнинг дебочасидир. ?кки буюк давлатларнинг ҳамжиҳатликда эришадиган келгуси ютуқлари, шубҳасиз, халқларимиз ҳаётининг юксалишига хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net