Ўзбекистон – Туркия: олий даражадаги стратегик ҳамкорлик халқларимиз манфаатига хизмат қилади

17.02.2020 11:15

Хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари ушбу мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб, олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилишида ва Туркия Президенти Девони кутубхонасининг расмий очилиш маросимида иштирок этади.

Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган ўзаро ишонч руҳидаги дўстлик ва стратегик шерикликнинг яна бир ёрқин тасдиғидир. Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашига Туркия Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида асос солинган эди. Ушбу тузилма икки давлат раҳбарлари ҳамраислигида фаолият юритади.

Қардош Туркия Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи давлатдир. 1992 йил икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга давлат ташрифи ўзаро муносабатлар ривожида бутунлай янги саҳифа очди. Ташриф давомида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган 20 дан зиёд ҳужжатга имзо чекилди.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған 2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширди. ?кки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, энергетика, илм-фан, таълим, туризм каби соҳаларга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Давлатларимиз раҳбарлари доимийлик касб этган учрашув ва мулоқотлар чоғида ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини холисона баҳолаб, уни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олмоқда. Бу икки мамлакат ишбилармонлари учун қулай шароит яратилаётгани, инвестиция муҳитини яхшилангани, виза тартибининг соддалаштирилгани, янги қўшма лойиҳа ва дастурларнинг амалга оширилаётганида намоён бўлмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўзаро муносабатларида ҳамкорликни парламентлараро ташрифлар орқали фаоллаштириш, қўшма тадбирлар ўтказиш, савдо-сармоявий шериклик учун янги имкониятлар очиш, халқаро ҳамжамият кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Туркия Ўзбекистоннинг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бирига айланди. Буни юртимизда ўз бизнесини йўлга қўяётган Туркия ишбилармонлари сафи кенгайиб бораётгани ҳам тасдиқлайди. Хусусан, 2017-2019 йилларда Ўзбекистонда ҳамкор мамлакат сармояси иштирокидаги 750 та корхона рўйхатдан ўтиб, уларнинг умумий сони 1 минг 140 дан ошди. Бу, ўз навбатида, ўзаро савдо айланмаси ҳажми ортишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

2017 йил мамлакатларимиз савдо айланмаси 1,5 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 2 миллиард 200 миллион доллардан ошди. Ўтган йилда эса ўзаро савдо ҳажми 2,5 миллиард долларга етди. Қайд этиш керак, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлислари бунда муҳим ўрин тутмоқда.

Туризм, маданий-гуманитар муносабатларда ижобий ўсишни таъминлаш Ўзбекистон ва Туркия халқлари ўртасидаги мулоқотни янада фаоллаштиришнинг муҳим жиҳатидир. Қардош мамлакат санъаткорлари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг доимий иштирокчилари ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи маротаба ўтказилган Халқаро мақом санъати анжумани, Халқаро бахшичилик санъати ва Халқаро ҳунармандчилик фестивалларида Туркия вакиллари фаол қатнашиб келмоқда. Мамлакатимизда кенг нишонланадиган “Наврўз” умумхалқ байрамининг ушбу давлат телевидениеси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиши илдизлари бир халқлар муштараклиги намунасидир.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши таъсис этилиши ва илк йиғилишининг ўтказилиши эса халқларимиз манфаатлари йўлидаги ўзаро муносабатларни кенгайтиришни таъминлаш, янги саҳифа очишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Кенг қамровли йиғилишда ўзаро ҳамкорликнинг сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий, сармоявий, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларга доир барча масалалари атрофлича муҳокама қилинади. Шериклик алоқаларининг жорий ҳолати холисона баҳоланиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинади.

Музокараларда долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, шу жумладан, Афғонистонда тинчликка эришишга кўмаклашиш, шунингдек, БМТ, ?слом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Кенгаш йиғилиши якунида мамлакатларимиз стратегик шериклигини амалий мазмун билан бойитишга қаратилган Қўшма баёнот имзоланиши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти Девони кутубхонасининг расмий очилиш маросимида нутқ сўзлаши кутилмоқда. Бу икки халқ маънавий яқинлиги, давлат раҳбарларининг илм-маърифатга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратишининг яққол ифодасидир.

Ушбу кутубхона Туркия Президенти комплексидан жой олган бўлиб, икки йил давомида бунёд этилган. Ўзига хос меъморий ечимга эга бино қурилишида салжуқийлар, усмонийлар ва замонавий меъморчилик услубларидан кенг фойдаланилган. Ўн бир қаватдан иборат бинонинг умумий майдони 120 минг квадрат метрни ташкил қилади. Кутубхона фондларида Туркия маданияти, илм-фани, санъати билан бирга, дунё тамаддуни ва маданиятининг нодир асарлари, қадимий қўлёзмалар, замонавий илм-фан тараққиётига оид асарлар жой олган.

Президентимизнинг ушбу йирик тадбирда олий мартабали фаҳрий меҳмон сифатида таклиф этилиши келажак авлоднинг маданий ва маънавий камолотида, давлатлар ривожланишидаги аҳамиятида илм-фан ва таълимнинг тутган ўрнини теран англашдаги бирдамликдан далолатдир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, маданий-маърифий соҳадаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйишга қаратилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ёшлар ўртасида китобхонлик кенг тарғиб қилинмоқда. Ўзбекистонда ?лм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинган жорий 2020 йилда ушбу йўналишдаги ишлар маънавий юксак авлодни камол топтиришдек мақсадларга мос тарзда давом эттирилади.

Туркий халқлар маънавий бешиги сифатида улуғланадиган Ўзбекистон бугун ривожланишнинг янги марралари сари дадил одимламоқда. Бунда стратегик шерик ва қардош давлатлар, хусусан, Туркия билан ҳамкорлик устуворлик касб этади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташрифи ҳам шу каби мақсадларга қаратилган бўлиб, икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлидаги эзгу интилишлар рўёбига хизмат қилади.

«Дунё» АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net