Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодекс БМТ Бош Ассамблеяси 75-с

18.08.2021 11:22

НЬЮ-ЙОРК, 18 август. /"Дунё" АА/. Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида қатор муҳим ташаббуслар илгари сурган, шу жумладан, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф қилган эди.

Ўзбекистон раҳбари ўз мурожаатида ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини исботлаганини таъкидлаб, халқаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишга чақирди. Давлатимиз раҳбари БМТ шафелигида бундай ҳужжатни ишлаб чиқиш ташаббусини ўртага ташлаб, унда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлигига эътибор қаратди.

Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, мамлакатимиз томонидан ишлаб чиқилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодекс  БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида чоп этилди. Ҳужжат БМТнинг олти расмий тили - араб, хитой, инглиз, француз, рус, испан тилларига таржима қилинди, БМТга аъзо давлатлар, Ташкилотнинг ихтисослашган муассассалари ва агентликларига тарқатилди.

БМТ томонидан эълон қилинган Кодексда пандемияларга қарши глобал миқёсда жавоб чора-тадбирлари кўриш бўйича халқаро ҳамкорлик бирдамлик, очиқлик, ўзаро ёрдам ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш тамойилларига асосланишининг муҳимлиги таъкидланган.

Ҳужжатда пандемиялар даврида мамлакатлар олдидаги хавф-хатарларнинг олдини олиш ва уларни камайтириш бўйича ихтиёрий мажбуриятлар мустаҳкамланиб, хусусан, қуйидаги асосий чора-тадбирлар санаб ўтилган:

1) умумий қабул қилинган меъёр ва стандартларга мувофиқ, тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишни таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларини жиҳозлаш, аҳолининг санитария-эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш, уни зарур ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш билан таъминлашга масъул бўлган хизматлар салоҳиятини кучайтириш;

2) қарорлар қабул қилишда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, фуқароларда масъулият ҳиссини тарбиялаш ва пандемиялар хавфини англаш орқали аҳолининг хабардорлиги ва санитария-гигиена маданиятини юксалтириш;

3) иш жойида хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилишни таъминлаш, мослашувчан иш вақти ва масофадан ишлаш усулини жорий этиш, иш жойида камситилишларнинг олдини олиш, ходимларга ҳаётни таъминлаш объектларининг самарали ишлаши бўйича минимал шароитларни тақдим этиш;

4) аҳолининг бандлигини иқтисодиётни рағбатлантириш ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш, қўшимча иш ўринлари яратиш, иш ҳақини таъминлаш, ишсизлар ва ишсиз қолганларга, айниқса, аёллар ва ёшларга ёрдам кўрсатиш, шунингдек, қисқа муддатли қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини жорий этиш орқали қўллаб-қувватлаш;

5) аҳолининг кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож қатламларини моддий ёрдамни кенгайтириш, муҳим товарлар ва бирламчи хизматлар тақдим этиш, хайрия фаолиятини рағбатлантириш, давлат-хусусий шериклик ва кўнгиллилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни кучайтириш орқали ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш;

6) озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва товарларни узлуксиз етказиб бериш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги савдо марказлари (бозорлар) нинг карантин қоидаларига риоя этилиши учун минимал шарт-шароитларни таъминлаш, шунингдек, зарур товарлар (озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ашёлар, дори воситалари ва ҳ.к.) нархлари устидан давлат ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

7) мамлакатлар ўртасидаги ташқи савдони ривожлантириш, пандемиялар тарқалишининг салбий таъсирига энг мойил бўлган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни таъминлаш, шунингдек, ички ва трансчегаравий туризмни кенгайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш орқали туризм саноатини рағбатлантириш;

8) масофавий ўқишни ташкил этиш, таълим муассасаларида хавфсиз ўқиш шароитларини яратиш орқали умрбод таълим олиш имкониятини таъминлаш;

9) инсоннинг асосий ҳуқуқлари чекланишининг олдини олиш, меҳнат муҳожирлари, кўчирилганлар ва қочқинларнинг ҳуқуқларини улар бўлиб турган мамлакатларда кафолатлаш, шу жумладан, ишсиз қолган меҳнат муҳожирларига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, меҳнат муҳожирларининг ўз ватанларига қайтиши учун транспорт ва транзит йўлаклари ишлашини таъминлаш;

10) иқтисодий ва гуманитар ёрдам дастурларини амалга ошириш, пандемиялар билан боғлиқ вазият тўғрисида ишончли маълумот алмашиш, пандемиялар даврида давлатлараро ва давлатлар ичидаги низоларни тўхтатиб туриш ёки музлатиш, вакциналарни ишлаб чиқиш ва таъминлаш, барча мамлакатларнинг вакциналар ва дори-дармонлар билан тенг шароитда таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорлик ва ўзаро ёрдамни кучайтириш.

Бундан аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ўзбекистоннинг пандемияга қарши глобал саъй-ҳаракатларга қўшган ҳиссасини олқишлаган эди. ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус Ўзбекистон раҳбариятига йўллаган мурожаатида давлатимиз раҳбарига Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқишга кўмаклашишдаги узоқни кўра билгани ва етакчилиги учун миннатдорлик билдирди.

Кодекс матни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси расмий ҳужжати сифатида нашр этилиши, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг пандемияларга қарши курашиш ва глобал шартномани ишлаб чиқиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларига қўшган муҳим ҳиссаси бўлди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net