Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг ролини ошириш масалалари муҳокама қилинди

15.12.2020 19:07

ТОШКЕНТ, 15 декабрь. /«Дунё» АА/. Тошкентда «Ўзбекистон тараққиётида парламентдаги аёлларнинг роли» мавзусида биринчи форум ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Олий Мажлис Сенати маълумотига асосланиб.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан БМТ Тараққиёт дастури ҳамда ЕХҲТ билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Форумда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан иштирок этди.

Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал қилишдаги тўлақонли иштироки иқтисодий тараққиёт, демократик ривожланиш ва жамиятдаги барқарорликнинг зарур шарти ҳисобланади.

Хотин-қизлар иштирокида қабул қилинган муҳим қарорлар жамиятни демократлаштириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлайди. Шу жиҳатдан мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Ўтган йилги сайлов якунлари бўйича парламентнинг қуйи палатасига 48 нафар аёл депутат этиб сайланди. Бу депутатлар умумий сонининг 32 фоизини, Сенатда эса 25 фоизни ташкил этмоқда. Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди.

Форумда вакиллик органларига сайланган депутат аёлларнинг фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ўзларига берилган ваколатлардан кенгроқ фойдаланишига оид бир қатор масалалар мавжудлиги, уларни ҳал қилиш  нуқтаи назардан парламентнинг аёл аъзолари платформасини яратиш зарурлиги таъкидланди.

?штирокчилар хотин-қизлар парламент бирлашмасини ташкил этиш борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, унинг умумий мақсадлари ва вазифаларини, умумий стратегия ҳамда ҳаракат йўналишларини белгилаб олди.

Бундан ташқари, Форумда мамлакатимиз тараққиётида парламентдаги аёлларнинг ўрнини кучайтиришга оид таклиф ҳамда фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, вакиллик органларига сайланган депутат аёлларнинг Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокига алоҳида урғу берилди.

Форум якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар умумлаштирилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net