Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг асосий қоидалари БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди

28.07.2020 11:49

НЬЮ-ЙОРК, 28 июль. /“Дунё” АА/. Давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонининг асосий қоидалари БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳужжат БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессияси кун тартибининг 106-банди – "Жиноятларнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов"га биноан нашр қилинди. Маълумотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча расмий тилларига (араб, хитой, инглиз, француз, рус ва испан) таржима қилинди, барча аъзо давлатларга тарқатилди, шунингдек, А/74/951 рақами билан ташкилотнинг расмий ҳужжатлар тизимига жойлаштирилди.

БМТ томонидан нашр этилган материалда қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупция келтириб чиқарувчи омилларни тугатишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ҳужжатда айтилишича, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг фармонига биноан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи бўлиб, ўз фаолиятини бошқа давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширишга мажбурдир.

Ҳужжатда Агентликка юклатилган асосий вазифалар ва фаолият йўналишлари кўрсатилган. Улар орасида:

- коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;

- фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган кенг қамровли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича маълумотларни тарқатиш, шунингдек, коррупцияга қарши таълимни ташкил этиш орқали жамиятдаги коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

- вазирликлар ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторининг бошқа вакиллари ўртасида самарали ҳамкорликни ташкил этиш;

- давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, давлат корхоналари ва корхоналарда, шу жумладан устав фондида давлат улуши бўлган банкларда ички коррупцияга қарши курашиш тизимининг ва бошқа халқаро коррупцияга қарши воситаларнинг жорий этилишини ва самарали ишлашини ташкил этиш; замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ҳолда, коррупцияга қарши мониторинг, шунингдек, ушбу соҳадаги фаолияти рейтингини тузиш;

- меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасининг самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш;

- давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тизимининг жорий этилишини ва самарали ишлашини ташкил этиш, декларацияларнинг ишончлилигини текшириш, шунингдек, ушбу иш жараёнида аниқланган коррупция кўринишларига ўз вақтида жавоб берилишини таъминлаш;

- давлат хизматида ҳалоллик стандартларини ("ҳалоллик вакцинаси") амалга оширишни рағбатлантириш ва манфаатлар тўқнашувларини бартараф этиш ҳамда уларнинг мувофиқлигини мониторинг қилиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўриш;

- давлат харидлари ва бюджет маблағларидан фойдаланиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг кредитлари, давлат активларини сотиш соҳасидаги коррупцияга қарши курашиш тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- коррупция тенденциялари ва сабабларини, коррупцияга қарши стратегияларни амалга ошириш самарадорлиги бўйича социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш.

Таъкидланганидек, Агентлик ?қтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тармоғининг ?станбул ҳаракатлар дастури доирасидаги ишлар ҳамда ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалга оширилишини таъминлайди, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бошқа халқаро шартномалари қоидаларининг бажарилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори ҳисобланади.

Шу тариқа давлатларнинг расмий вакиллари иштирок этган халқаро форумда Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, коррупция ҳуқуқбузарликларининг тизимли сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, коррупцияга қарши чоралар самарадорлигини оширишдаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

 

“Дунё” АА,

Нью-Йорк,

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net