Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеясидаги доимий делегацияси тарки

25.03.2020 20:34

ТОШКЕНТ, 25 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенатининг Кенгаши қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеясидаги доимий делегацияси таркиби тасдиқланди. Делегация таркибидан ҳар иккала палата аъзолари ўрин олди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси манбасига таяниб.

Доимий делегацияга ахборот-таҳлилий ва ташкилий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида унинг котибияти ҳам тузилди.

Парламент дипломатияси, мамлакатнинг ҳар жиҳатдан тараққий этишида унинг халқаро майдондаги нуфузи, эгаллаган мавқеи кўп нарсани белгилаши барчага аён. Бу жараёнда халқаро парламент тузилмалари билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш давлатлараро муносабатларда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мамлакат ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ечишда ҳам парламент дипломатияси ўз сўзини айтаётгани барчага маълум.

Шу маънода, айни пайтда Олий Мажлис Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини халқаро доирада, жумладан, парламентлараро майдонда ва икки томонлама муносабатларда илгари суришга қаратилган фаолиятни кучайтирмоқда. Хорижий мамлакатлар парламент вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб боряпти.

Ўзбекистон доимий делегацияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеясининг сессияларида иштирок этади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз парламентарийларининг муҳим ҳужжатлар муҳокамасига жалб этилиши, халқаро аҳамиятга эга масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда иштирок этиши ва Ўзбекистон манфаатларини дадил илгари суриш имконини беради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net