Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи турк матбуотида кенг ёритилмоқда

19.02.2020 17:37

АНКАРА, 19 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга расмий ташрифи мазкур мамлакат кенг жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Туркиянинг расмий манбалари, жумладан, Туркия Президенти матбуот хизмати, Анатолия ахборот агентлиги, “ТРТ” давлат телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситалари ташриф ҳақидаги маълумотларни кенг тарқатмоқда.

Хабарларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 19-20 февраль кунлари мазкур мамлакатда расмий ташриф билан бўлиши эътироф этилган. Ташриф дастурига мувофиқ, Анкара шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтиши қайд этилган.

Бундан ташқари, ташриф давомида икки давлат раҳбари томонидан ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилишига алоҳида урғу берилган. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича фикр алмашилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашуви ҳам ташриф дастуридан алоҳида жой олгани таъкидланади хабарларда.

Барча манбаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур ташриф давомида Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиши алоҳида таъкидланган.

Мустақил оммавий ахборот воситалари, шу жумладан етакчи газеталар ва ижтимоий тармоқларда ҳам расмий маълумотларга қўшимча тарзда ташриф билан боғлиқ қатор тафсилотлар ёритилмоқда. Хусусан, Туркиянинг етакчи ишбилармон доиралари вакиллари учун чоп этиладиган “Дунё” газетаси хабар билан биргаликда Ўзбекистонга бағишланган махсус сон ҳам тайёрлаб, уни журнал шаклида газетанинг бугунги сони билан биргаликда тарқатмоқда.

Махсус сонда Туркиянинг етакчи сиёсатчилари, давлат арбоблари, ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликка доир мақола ва интервьюлар берган. Хусусан, Туркия вице-презиенти Фуат Октайнинг мазкур сонда чоп этилган муаллифлик мақоласи “Қадим Мавороуннаҳрнинг ёрқин гавҳари, юз йиллардир туркий ва ислом маданиятининг бешиги бўлган Ўзбекистон билан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига юксалганидан катта мамнуният ҳис этамиз”, деган жумлалар билан бошланган.

Ўзбекистон билан алоқаларда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик изчил давом этаётганини таъкидлар экан, Туркия вице-президенти Олий даражадаги стратегик шериклик механизми ҳар икки мамлакат манфаатларига бирдай хизмат қилишини эътироф этади.

Мақолада, шунингдек, савдо-иқтисодий шерикчилик алоқалари иккала томон учун ҳам устувор йўналиш сифатида белгилаб олингани қайд этилган.

Ф.Октайнинг сўзларига кўра, сўнгги уч йилда ўзаро товар айирбошлаш жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Хусусан, 2017 йил мамлакатларимиз савдо айланмаси 1,5 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 2 миллиард 200 миллион доллардан ошди. Ўтган йилда эса ўзаро савдо ҳажми 2,5 миллиард долларга етди. “Эндиликдаги мақсад – бу кўрсаткични яқин йиллар давомида 5 миллиард долларга етказишдан иборат”, - дейди вице-президент.

Журналда, шунингдек, Туркиянинг қатор ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, ўзаро муштарак манфаатларга асосланган алоқаларнинг ёрқин истиқболлари ҳақида сўз юритган. Улар мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юқори баҳолаб, Ўзбекистон бозорида ўз ўрнини эгаллаш учун кенг қамровли сармоя ва илғор технологияларни жалб қилишга тайёр эканлиги ҳақида баёнот берган.

Туркия матбуоти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифини ёритишда давом этмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net