Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили НАТО бош қароргоҳида брифинг ўтказди

16.11.2021 17:26

ТОШКЕНТ,  16 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Эргашев  бугун НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳида Афғонистондаги ҳозирги вазиятга бағишланган брифингда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, Исматулла Эргашев ўз нутқида Афғонистон Ўзбекистон учун қўшни биродар мамлакат эканлигини, бизни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак тарих, дин, урф-одат ва анъаналар боғлаб туришини алоҳида таъкидлади.

 Мамлакатимиз Афғонистонга нисбатан ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган дўстона сиёсат олиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

 Халқаро ҳамжамиятнинг «Толибон» ҳаракати билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг қайта яккаланиб қолишига йўл қўймаслик афғон халқи ва бутун жаҳон ҳамжамиятининг манфаатлари йўлида муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

 НАТОга аъзо давлатларнинг барча доимий вакиллари истисносиз Ўзбекистонга ўз фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишда кўрсатаётган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирдилар.

 Иштирокчилар эътибори бутун халқаро ҳамжамият учун устувор вазифа Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига янада фаолроқ жалб этиш, шунингдек, афғон халқига фавқулодда инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш бўлиб қолиши зарурлигига қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, 15 ноябрь куни Брюсселда Ўзбекистон - Европа  Иттифоқи музокаралари бошланди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net