Ўзбекистон Президенти Наманганда ташкил этилган илмий-амалий малака ошириш марказлари билан танишди

19.02.2021 13:56

ТОШКЕНТ, 19 февраль. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги «Art soft holding» ширкатининг илмий-амалий малака ошириш маркази ҳамда «?шга марҳамат» моно-маркази фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати маълумотига кўра,  давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, барча ҳудудларда шундай марказлар ташкил этилмоқда.

«Art soft holding» маркази тўқимачилик соҳасига ихтисослашган. Бу ерда 12 та ишчи касб бўйича йилига 2 мингдан зиёд мутахассис тайёрланади.

Унинг ёнида жойлашган моно-марказда 9 та соҳанинг 27 хил йўналиши бўйича йилига 3 минг нафардан зиёд аҳоли ўқитилади. Бу йўналишлар меҳнат бозори талабларини ўрганиш асосида ташкил этилган. Ўқув ва машғулот хоналари зарур асбоб-анжом, станок, компьютер, муляж ва бошқа амалиёт ускуналари билан таъминланган.

Муҳим томони шундаки, марказ давлат-хусусий шериклик тизимида ишлайди. Машғулотларни амалиётчи усталар, тадбиркорлар олиб боради. Давлат шароит яратиб, илмий-ишлаб чиқариш жиҳатидан таъминлайди, тадбиркорлар эса ўзлари ўқитган ёшларни ишга олади. Яъни, бу ерда касб ўрганган йигит-қизлар ишсиз қолмайди.

Марказда ахборот технологиялари ва хорижий тиллар ҳам ўргатилади. Хусусан, IT-мутахассислар онлайн хизматлар кўрсатиб, яхши даромад топмоқда.

Президентимиз марказда яратилган шароитлар билан танишди, мураббийлар, касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди. Давлатимиз раҳбари вилоятга келишдан асосий мақсади, ислоҳотларни амалга оширишда қийинчилик туғдираётган омиллар, Наманганнинг иқтисодий салоҳияти, ишбилармон одамлари ҳақида гапирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net