Ўзбекистон Президенти фармацевтика ва электр техникаси саноатини ривожлантириш, уларнинг иқтисодиётдаги улушини ошириш, шунингдек, панд

17.07.2020 16:00

ТОШКЕНТ, 17 июль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев 16 июль куни видеоалоқа орқали нефть-газ кимёси, электр техникаси ва фармацевтика саноатидаги янги лойиҳалар тақдимоти ҳамда ушбу тармоқларни ривожлантириш ишлари бўйича ҳисоботлар билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабарида қайд этилганидек, дунёни қамраб олган пандемия жаҳон иқтисодиётига жиддий салбий таъсир кўрсатаётган бугунги шароитда мамлакатимизда саноатни барқарор ривожлантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаб, уларни монетизация қилиш йўлидан бормоқда. Яъни, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариб, иқтисодий самарадорликни ошириш чоралари кўрилмоқда.

Тақдимотда нефть ва газ кимёси тармоғидаги ана шундай янги лойиҳалар бўйича маълумот берилди.

Ўтган йили 28 декабрда “Навоийазот” акциядорлик жамиятида Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилган эди. Бугунги кунда унинг 2-босқичи лойиҳалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа қиймати 440 миллион доллар атрофида бўлиши мўлжалланяпти. 650 киши иш билан таъминланиши, йилига 132 миллион долларлик маҳсулот тайёрланиши режалаштирилган. Шунингдек, замонавий технологиялар жорий этилиши натижасида катта ҳажмдаги табиий газ тежалади.

25 миллион долларлик навбатдаги лойиҳа водород пероксиди ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Тозалаш-дезинфекциялаш хусусиятига эга бу модда фармацевтика, тиббиёт, тўқимачилик ва маиший ҳаётда кенг қўлланилади. Лойиҳа натижасида 50 та иш ўрни яратилиб, йилига қарийб 20 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ушбу корхонани 2021 йил сентябрда Навоий вилоятида ишга тушириш режалаштирилган.

“Навоийазот” АЖда қиймати 18 миллион доллардан зиёд бўлган яна бир лойиҳа – карбамид формальдегид концентрати ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Жорий йил март ойида мазкур корхона қурилиши бошланган, уни келгуси йил мартда фойдаланишга топшириш мўлжалланган. Бу ерда йилига 9 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқарилиб, 1 миллион долларлик экспорт қилинади, 50 та иш жойи очилади.

Қиймати 12 миллион доллар бўлган карбоксиметилцеллюлоза асосида реагентлар ишлаб чиқариш лойиҳаси қурилиш, бурғулаш, озиқ-овқат саноати ва тиббиёт учун муҳим аҳамиятга эга. Шу йил март ойида Юқори Чирчиқ туманида унинг биринчи босқичи ишга туширилган. 2023 йилгача барча тўрт босқич амалга оширилгач, импорт ўрнини босувчи 9 миллион долларлик, экспортга йўналтириладиган 13 миллион долларлик маҳсулот тайёрланади. 100 та иш ўрни ташкил этилади.

Кўпикли полипропилен ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 5 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 40 та иш ўрни яратилади, 8 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилади. Бу маҳсулотлар иссиқлик сақловчи қутилар, хавфсизлик шлемлари, автомобиль ўриндиқлари, ўйинчоқлар ва бошқа буюмлар тайёрлашда қўл келади. Ушбу корхонани 2021 йил августда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ишга тушириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, уларни жадаллаштириш ва сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Тизимдаги ишларни давом эттириб, қурилиш, автомобилсозлик, фармацевтика соҳаларида талаб юқори синтетик толалар, полиэфир смола, полимерлар, ароматик углеводородлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг биринчи ярим йилликдаги фаолияти якунлари ҳам муҳокама қилинди.

Карантин даврида ҳам тизимдаги барча корхоналарда узлуксиз ишлашга шарт-шароит яратилди. Натижада олти ойлик режалар бажарилиб, қўшимча 1 миллиард куб метр табиий газ, қарийб 22 минг тонна конденсат ва 1,2 минг тонна нефть қазиб чиқаришга эришилган. 11 та лойиҳа бўйича жами 846,5 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилган.

Президентимиз ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, импортни қисқартириш, соҳага рақамли технологияларни фаол татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net