Ўзбекистон-Малайзия дипломатик алоқаларига 28 йил тўлди

21.02.2020 11:26

ТОШКЕНТ, 21 февраль. /«Дунё» АА/. 21 февраль — Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган кун. Федерал конституциявий монархия 1992 йил 1 январь куни мамлакатимиз мустақиллигини тан олган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сўнгги йилларда ушбу мамлакат билан ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди.

Парламентлараро алоқалар доирасида 2019 йил декабрь ойида мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтган сайловларда Малайзия парламенти вакиллари халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди.

Ўзаро муносабатларни ривожлантиришнинг муҳим механизми бу икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги маслаҳатлашувлардир. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкентда Ташқи ишлар вазирликлариаро сиёсий маслаҳатлашувларнинг 4-раунди бўлиб ўтди.

2019 йил 18-20 октябрь кунлари Малайзия Бош вазирининг махсус вакили ва ташқи ишлар вазирининг ўринбосари М.Яҳё Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов билан, шунингдек, ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлигида музокаралар ўтказилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гап кетганда, мамлакатларимиз ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилаётганини таъкидлаш жоиз. 2019 йил январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон ва Малайзиянинг ташқи савдо айланмаси 106 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Малайзия капитали иштирокидаги 16 та корхона, шу жумладан 14 та қўшма ва 2 та хусусий корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

Маданий ва гуманитар алоқалар ҳам тобора ривожланиб бораётганини таъкидлаш керак. Хусусан, Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари Малайзия ҳукуматининг техник ҳамкорлик дастури доирасидаги турли курс ва семинарларда иштирок этишаётир.

2019 йил октябрь ойида Тошкент молия институтида «Binary» Менежмент ва тадбиркорлик университетининг Ўзбекистон-Малайзия қўшма факультети очилди.

Туризм соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Жумладан, 2018 йил февраль ойидан бошлаб Малайзия фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилиши ушбу мамлакатдан келаётган сайёҳлар сонини кескин ўсишига хизмат қилмоқда.

Ўтган йилнинг февраль ойида Малайзия Перлис штати муфтийси  Моҳд Aсри Бин Зайнул Обиддин Ўзбекистоннинг  ушбу мамлакатдаги зиёрат туризмининг фахрий элчиси этиб тайинланган эди. Шунингдек, машҳур киноактёр Юсуф Далер ҳам Ўзбекистон сайёҳлик брендининг Малайзиядаги элчиси этиб тайинланган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net