Ўзбекистон Ҳисоб палатаси Юқори аудиторлик органлари халқаро ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланди

25.12.2021 12:23

ВЕНА, 25 декабрь. /«Дунё» АА/. Юқори аудиторлик органлари халқаро ташкилоти (INTOSAI) бошқаруви Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг ушбу ташкилотга тўлиқ аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини тасдиқлади, деб хабар бермоқда  «Дунё»  АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Венадаги элчихонасидан маълум қилишларича, INTOSAI бош котиби, Австрия ҳисоб палатасининг президенти Маргит Кракер йўллаган мактубда Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ташкилот аъзолигига қабул қилиш бўйича малака талабларига тўлиқ жавоб беришини билдирган. Бу, унинг фикрига кўра, INTOSAI бошқаруви аъзоларининг бир овоздан қарор қабул қилишига сабаб бўлган.

INTOSAI бошқарув кенгашининг 75-йиғилиши 2021 йил 23 ноябрь куни Венада бўлиб ўтди. Унда 20 та юқори аудиторлик ташкилотининг130 га яқин вакили, Бошқарув кенгаши аъзолари ва кузатувчилар иштирок этди. Видеоконференция  Бразилия юқори аудит ташкилоти томонидан ўтказилди. Ушбу мамлакат INTOSAIнинг навбатдаги конгрессини ва халқаро ташкилот раислигии қабул қилади.

Маргит Кракер Ўзбекистон Ҳисоб палатаси томонидан INTOSAIга тўлақонли аъзо бўлишга билдирилган қизиқиш учун миннатдорлик изҳор этиб, республика олий назорат органи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларига ишонч билдирди.

Юқори аудит органларининг халқаро ташкилоти БМТга аъзо мамлакатлар юқори аудит институтларини бирлаштирувчи ташкилот бўлиб, қароргоҳи Венада жойлашган. INTOSAI 1953 йилда ташкил этилган  ва айни пайтда ташкилот таркибига 195 тўлиқ ва 5 та кузатувчи мамлакатлар киради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net