Ўзбекистон – Ҳиндистон: тарихий алоқаларнинг стратегик шериклик даражаси ўзаро муносабатларда акс этган

18.03.2020 20:10

ТОШКEНТ, 18 февраль. /"Дунё" АА/. Бугун Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 28 йил тўлди.

Қадимий тамаддунга бешик Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида дўстона алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Абу Райҳон Берунийнинг ХI асрда ҳамкор мамлакатга ташрифи ва унинг ҳақида "Ҳиндистон" асарини ёзиши ҳам айни қарашларни яна бир бор тасдиқлайди. Асарда ҳинд халқи табиати, тарихи, фалсафий ва диний қарашлари, шунингдек, турмуш тарзи ҳақида ёзади.

Буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ХVI асрда ўзининг "Бобурнома" асари орқали азалий ришталар, сирли Ҳиндистон ва унинг мамлакатимиз билан уйғунлашган тарихини очиб берди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик янги мазмун билан бойиди, муносабатлар изчил ривожланиш палласига кирди.

Ҳиндистон биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини  1991 йил 26 декабрда тан олди. Тошкентда 1992 йилнинг 18 мартида дипломатик алоқаларни ўрнатиш тўғрисида Баённома имзоланди. Шу тариқа икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилди.

Деҳлида 1992 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг Консуллиги очилди ва у 1994 йилда элчихонага айлантирилди. Тошкентда 1988 йил август ойида очилган Ҳиндистон Бош консуллиги 1992 йилда элчихонага айлантирилди.

 Ҳиндистон билан ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Мамлакатимиз Ҳиндистон билан юқори даражада, ташқи ишлар идоралари доирасидаги делегациялар алмашинуви шаклида мунтазам сиёсий мулоқот олиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида 7 марта олий даражадаги ташриф амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга давлат ташрифи дўстона муносабатлар ва ўзаро ишончни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Ташриф чоғида мамлакатларимизнинг турли соҳаларда ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ушбу тарихий воқеа Ҳиндистон сиёсий, ишбилармон ва эксперт доиралари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлди.

 Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи ҳақида гапирганда, Ҳиндистоннинг йирик иқтисодий кундалик газетаси – “Economic Times" давлат ташрифи халқларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди", дея қайд этди ўз мақоласида.

Ўз навбатида, ҳиндистонлик мутахассислар Ўзбекистонда 2020 йилни ?лм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинишини юқори баҳолади. Улар фикрича, Тошкент билан Мумбай ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг очилиши Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга имкон беради.

Бугунги кунда Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, жумладан, икки томонлама ҳамкорликнинг мақсадли йўналишларини белгилаб берувчи 100 дан зиёд давлатлар, ҳукуматлар ва идоралараро ҳужжатлар қабул қилинган.

Савдо-иқтисодий шериклик 1992 йилда ташкил этилган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссияси доирасида тартибга солинмоқда. Ўтган йиллар давомида ҳукуматлараро комиссиянинг ўн битта йиғилиши бўлиб ўтди. Ана шундай учрашув сўнгги бор 2018 йилнинг август ойида Тошкентда ўтказилди.

Бугунги кунда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, сармояларни жалб этиш ва рағбатлантириш, икки томонлама солиққа тортишдан қочишга оид қатор битимлар амал қилади. Мамлакатларимизда ўртасида савдо соҳасида имкон қадар қулайлик яратиш режими жорий қилинган. Бунинг натижасида 2019 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 330 миллион АҚШ долларидан ошди.

Бугунги кунда Ҳиндистондан мамлакатимизга фармацевтика маҳсулотлари, органик кимёвий бирикмалар, механик ускуналар, қоғоз ва картон, озиқ-овқат маҳсулотлари, оптик ускуналар импорт қилинади. Ҳинд компаниялари мамлакатимиз иқтисодиётига алоҳида қизиқиш билдириб келмоқда. Хусусан, автомобилсозлик, тўқимачилик ва туризм соҳаларига ҳиндистонлик ишбилармонлар томонидан фаол сармоялар киритиляпти.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳамкор мамлакат иштирокидаги 216 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 128 таси 100 фоиз Ҳиндистон капитали иштирокида ташкил қилинган.

"Uztrade" акциядорлик жамияти томонидан Ҳиндистонда таъсис этилган Ўзбекистон – Ҳиндистон савдо уйи фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси томонидан Тошкентда 2018 йил декабрь ойида Ўзбекистон – Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш маркази очилди.

Қайд этиш жоиз, айни ҳамкорлик босқичида ҳудудлараро муносабатларни юқори даражага олиб чиқишда ижобий натижалар кузатилмоқда. Жумладан, Гужарат штати Бош вазири В.Рупани бошчилигидаги делегация  2019 йил октябрь ойида мамлакатимизда бўлди. Ташриф доирасида Андижонда биринчи марта Ўзбекистон – Ҳиндистон минтақалараро бизнес-форум ўтказилди.

Мамлакатларимиз парламентлараро алоқаларни ҳам юқори суръатда ривожлантиришга интилмоқда. Ташқи сиёсат маҳкамалари мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиб келмоқда. Деҳлида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси 2017 йил март ойида ташкил қилинди. Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда муносабатларнинг жорий ҳолати, шунингдек, БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик соҳаси таҳлил қилинди.

 Ҳукуматлараро учрашувлар шакли минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда ўзаро тутумларни мувофиқлаштириш, савдони кенгайтириш, манфаатли ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишга ёрдам бермоқда.

 Гуманитар соҳада самарали мулоқот икки халқнинг чуқур маданий алоқаларига асосланади. Бугунги кунда Тошкентда ҳинд тилини ўргатишга ихтисослашган мактаб фаолият кўрсатмоқда, Ҳиндистон элчихонаси қошида эса Лал Баҳадур Шастри номидаги Ҳинд маданият маркази ташкил қилинган.

Таълимда ҳамкорлик 2019 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида Амити ва Андижон шаҳрида Шарда университетлари филиали очилиши билан янги босқичга кўтарилди. Тошкентда дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки иш бошлади.

Ўз навбатида, Ҳиндистонда ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга бўлган қизиқиш юқори. Ҳинд диёрининг талаб ва таклифлари инобатга олиниб, Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида Жамия Миллия ?сломия университетида ўзбек тили ва маданияти бўлими очилди. Унда йигирмадан зиёд ҳиндистонлик талаба ўзбек тили бўйича сабоқ олмоқда. Шунингдек, Деҳлида Ҳиндистон – Ўзбекистон дўстлик жамияти фаолияти қайта тикланди. Сиёсий арбоб, Ҳиндистон собиқ Бош вазири Лал Баҳадур Шастрининг ўғли – Анил Шастри жамият раиси ҳисобланади. Анил Шастри 2018 йилнинг сентябрь ойида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори билан "Тошкентнинг фахрий фуқароси" унвонига сазовор бўлди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданияти, урф-одати ранг-баранглиги, дунё маданий меросининг ёрқин намуналарига бойлиги билан улкан сайёҳлик салоҳиятини ўзида акс эттиради. Шу боис мазкур соҳа бугунги кунда икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигининг устувор йўналиши сифатида баҳоланмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net