Ўзбекистон давлат ва жамият қурилишининг янги босқичида

18.02.2020 17:34

ТОШКЕНТ, 18 февраль. /«Дунё» АА/. Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимият вакиллик органларининг ролини оширишֿ» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири.

Анжуманни ўтказишдан мақсад – мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг ролини ошириш бўйича долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева тадбирни кириш сўзи билан очар экан, давлатимизда юқори иқтисодиётга, етук ва ҳар томонлама фуқаролик жамиятига эга янги Ўзбекистонни шакллантиришда сезиларли амалий ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

— Бугун жамиятимизда янгиланиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда жамоатчилик ўрни ва аҳамияти алоҳида аҳамият касб этмоқда, — деди Танзила Норбоева. — Сенаторлар ва депутатлар халқ вакиллари сифатида янада ташаббускор бўлиши керак. Бу борада «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғоя кундалик ҳаётимизга кириб бориши лозим.

Шу билан бирга, барча сенаторларнинг халқ билан мулоқот олиб боришида самарали механизм жорий қилиш мақсадида бевосита барча маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликда ишлаш йўлга қўйилди. Сенаторларнинг 6 минг 570 нафар маҳаллий кенгашлар депутати билан ҳамжиҳатликда ишлаш тизимини жорий қилиш йўлида тегишли ўқишлар ташкил қилинди. Улар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар белгиланди.

  Конференция иштирокчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида  илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш механизмларини муҳокама қилди. Бу йўналишда айниқса ички ва ташқи сиёсат вазифаларини ҳал этишда, парламент назоратини амалга оширишда қонун чиқарувчи орган ваколатларини янада кенгайтириш масалаларига урғу берилди.

— Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожатномасида парламент фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича кўплаб вазифаларни белгилаб берилди. Жумладан, парламент дипломатиясини ривожлантириш ҳар икки палатанинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади,— деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов.— Бу ерда биз икки йўналишни кўряпмиз. Биринчидан, халқаро парламентлараро ташкилотлардаги фаолиятимизни кучайтирамиз. Бу йўналишда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламентлараро ассамблеяси билан ҳамкорликда ишлашни йўлга қўймоқдамиз. Яқинда делегациямиз ушбу ташкилот томонидан ташкил этиладиган йиғилишда  иштирок этади. Бундан ташқари, Парламентаро иттифоқ фаолиятида, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Парламентлараро ассамблеясида ҳам иштирок этамиз. Ўзбекистон парламенти Туркий тилли давлатлар Парламентлараро ассамблеясининг ҳам тўлақонли аъзоси сифатида фаолият юрита бошлайди.

Форумда иштирокчилар диққат марказида бўлган яна бир масала – сиёсий тизимни модернизациялаш шароитида парламент назорати самарадорлигини оширишдан иборат бўлди.

— Жамиятимиз олдида турган стратегик мақсад – замонавий, барқарор ривожланиб бораётган ижтимоий бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуриш парламентнинг ролини янада оширишни талаб этади,—деди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. — Жадал иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун қонун устуворлиги керак. Давлат ҳокимиятининг аҳоли олдидаги жавобгарлиги унинг фаолиятининг шаффофлигидир. Бунга эришиш эса, биринчи навбатда, халқ вакилларининг фаолияти билан боғлиқ. Менимча, парламент назорати йўналишидаги фаолиятимизни қайта кўриб чиқишимиз керак. Бундан ташқари, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни ишлаб чиқиш амалиётини кенг жорий қилиш вақти келди.

Шунингдек, анжуманда БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари ижросини назорат қилиш жараёнида парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ролини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни аниқлаш каби мавзуларда сўз юритилди. Таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги устувор вазифаларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш, фуқароларнинг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net