Ўзбекистон Бош вазири 29 сентябрь куни Тожикистонга боради

20.09.2020 11:44

ТОШКEНТ, 20 сентябрь./«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Тожикистонга сафари санаси Душанбеда бўлиб ўтган икки мамлакат савдо-саноат палаталари (ССП) делегацияларининг учрашуви пайтида маълум бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, 18 сентябрь куни Тожикистон пойтахтида Савдо-саноат палаталари делегациялари раҳбарларининг икки томонлама музокаралари ва B2B шаклидаги ишбилармон доиралар учрашувлари бўлиб ўтди. Унда 200 нафарга яқин хусусий бизнес вакиллари иштирок этди.

Учрашувларда Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг Тожикистонга бўлажак ташрифи, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, кейинчалик Афғонистон ва минтақанинг бошқа давлатларига маҳсулот сотиш бўйича ўзбекистонлик ишбилармонлар иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш доирасида бизнес-форум ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ССП делегациялари чегараолди вилоятларидаги палаталар бўлинмалари ўртасида ҳамкорликка оид шартнома тузишга келишиб олди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон парламенти делегацияси Душанбеда икки мамлакат парламентлари дўстлиги ва ҳамкорлик гуруҳларининг биринчи қўшма йиғилишида иштирок этиш учун бугун, 20 сентябрь куни Тожикистонга боради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net