Ўзбекистон – АҚШ парламентлари депутатлари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди

09.06.2020 09:47

ТОШКЕНТ, 9 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва АҚШ билан парламентлараро ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи аъзолари АҚШ Конгрессининг «Ўзбекистон бўйича кокус» (дўстлик гуруҳи) ҳамраислари ва аъзолари билан видеомулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Сенат манбасига асосланиб.

Унда «Ўзбекистон бўйича кокус»нинг раиси Т.Келли, гуруҳнинг аъзоси бўлган яна олтита конгрессмен, Конгресс стафферлари, АҚШ маъмурияти вакиллари иштирок этди.

Видеомулоқотда Ўзбекистон – Америка ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари, парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Конгрессменлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга юксак ҳурмат ва эҳтиром билдириб, давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини юқори баҳолади. Уларнинг фикрича, бугунги кунда дунёда авж олган коронавирус пандемияси билан боғлиқ муаммоларнинг Ўзбекистонда самарали бартараф этилиши, аввало, сўнгги йиллардаги ўзгаришлар билан боғлиқ.

Мулоқот чоғида Конгресс аъзолари АҚШ Ўзбекистон раҳбариятининг ички ва ташқи сиёсат, шунингдек, мустақиллик, суверенитетни мустаҳкамлаш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган ишларини қўллаб-қувватлашларини таъкидлашди.

Америка томони Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор беришини таъкидлади. «Ўзбекистон бўйича кокус» (дўстлик гуруҳи) Ўзбекистон – Америка стратегик шериклигини мустаҳкамлашнинг муҳим қисмларидан бири эканини қайд этди.

Конгрессменлар Ўзбекистоннинг дастурлари ва лойиҳаларини, аввало, ижтимоий ва иқтисодий тараққиётга эришиш, давлат бошқарувини янада модернизация қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, жамиятни демократлаштиришга йўналтирилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, томонлар бундан кейин ҳам парламентлараро мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net