Ўзбекистон афғон муаммосини ҳал этишга янгича ёндашувнинг ишлаб чиқилишида етакчи ўринни ўз зиммасига олди

27.07.2022 17:45

ТОШКЕНТ, 27 июль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 26 июль куни Тошкентда ўтказилган "Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш" халқаро конференцияси халқаро ахборот маконида муҳим воқеа сифатида ўз акс-садосини берди. Анжуманга тайёргарликнинг барча босқичлари, конференциянинг бориши ва якунлари миллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, етакчи ахборот агентликлари, онлайн нашрлар томонидан тарқатилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирни ёритиш учун «Kyodo News» АА (Япония), «Arezu Radio TV» телеканали (Афғонистон), «Reuters» халқаро ахборот агентлиги ва «ВВС» телерадиокомпанияси (Буюк Британия), «Fars News» АА (Эрон),  «Казинформ», «Хабар» ва «Атамекен» агентликлари  (Қозоғистон), «Синьхуа» АА (Хитой), «Кабар» АА (Қирғизистон), «Россия 24» телеканали ва «Московский комсомолец» газетаси, «Россия сегодня», «Фергана», ТАСС,  «?нтерфакс” АА (Россия), «Anadolu» АА ва «ТRТ» телерадиокомпанияси (Туркия), «Франс-пресс» (Франция), «Al-Jazeera» телеканали (Қатар) ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари бевосита Тошкентда бўлди.

Тадбир ҳақида етакчи ва оммабоп хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан, «Большая Азия» (Россия), Ҳиндистоннинг «Republicworld.com» янгиликлар портали, Эроннинг «Iran Daily» газетаси, «Америки овози» радиоси (АҚШ) ва бошқалар ушбу халқаро тадбир бўлиши ҳақида ўз ўқувчиларига олдиндан хабар эълон қилди. Тадбир арафасида уларнинг муштарийлари конференциянинг мақсад ва вазифаларидан, унда 20 дан ортиқ мамлакатдан 100 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши, шунингдек, етакчи халқаро тузилмалар иштирок этишидан хабардор бўлди.

Улар Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган анжуманнинг асосий мақсади жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонга нисбатан умумий ёндашувларини ишлаб чиқиш, жумладан, янги ҳокимият органлари билан мулоқотни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, афғон халқига низодан кейинги мамлакат ҳаётини йўлга қўйиш ва мустақил, барқарор ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат қуришда ёрдам беришдан иборат экани ҳақида сўз юритди.

Хорижий оммавий ахборот воситалари ўз мамлакатларининг нуфузли сиёсатчилари, ҳукумат аъзолари ва махсус вакиллардан иборат делегациясининг иштироки тўғрисида хабарлар тарқатди.

Тожикистоннинг «Ховар» Миллий ахборот агентлиги, Қирғизистоннинг “Кабар” давлат ахборот агентлиги юқори даражадаги ушбу халқаро анжуманда қатнашган ўз мамлакатлари делегациялари таркиби ҳақидаги маълумотларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилди.

Улар тарқатган хабарларда “Тадбир 20 дан ортиқ мамлакатдан 100 дан ортиқ иштирокчиларни, шунингдек, етакчи халқаро тузилмалар – БМТ, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Европа ?ттифоқи, ?слом ҳамкорлик ташкилоти, ?қтисодий ҳамкорлик ташкилоти вакилларини ўз атрофига жамлади”, дея таъкидланади.

?слом ҳамкорлик ташкилотининг (?ҲТ) «UNA – OIC» Ахборот агентликлари иттифоқи сайтида "Ўзбекистон Президенти Афғонистон иқтисодиётини тиклаш устуворлигини таъкидлади" сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда қайд этилишича, давлатимиз раҳбари Афғонистон иқтисодиётини тиклашни умумий устувор вазифа деб тан олишга чақирди, бу эса ушбу жафокаш мамлакатда барқарор тинчликка эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ўз навбатида, ?слом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳуссейн Брахим Таха анжуман олдидан қилган чиқишида Ўзбекистон расмийларининг ушбу йирик тадбирни Афғонистон келажаги учун шундай ўта муҳим бир пайтда чақириш ташаббусини юқори баҳолагани хабар қилинган. Шунингдек, у ?ҲТга аъзо давлатлар, дунё мамлакатлари, халқаро ва минтақавий ташкилотларни ?ҲТнинг Афғонистон бўйича  мақсадли жамғармасига ҳисса қўшишни ўйлаб кўришга даъват этди. "Мақсадли жамғарманинг кўмаги қанчалик катта бўлса, ёрдам лойиҳалари кўлами шунчалик кенг бўлади ва кейинчалик афғон жамиятининг кенг қатламлари бундай ёрдам дастурларидан наф кўради", дея иқтибос келтирилади нашр ?ҲТ Бош котиби сўзларидан.

«Al-Jazeera» телеканали Тошкент конференциясидан қатор туркум видеорепортажлар намойиш этиб, уларда ушбу анжуман чоғида, жумладан, халқаро ҳамжамиятнинг асосий шартлари - кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, аёллар ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқлари таъминланиши, афғон қизлари учун тўлақонли мактаб таълими олиш учун имконият бериш бўйича келишувлар бажарилишига эришиш имконияти кўриб чиқилгани қайд этилди.

Афғонистоннинг «TOLOnews» ахборот агентлиги Тошкент анжумани якунлари бўйича материал тарқатиб, Афғонистон ҳукумати делегацияси раҳбари, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий матбуотга интервью бергани ва унда Афғонистон муаммосини мулоқот орқали ҳал қилиш учун махсус майдон яратгани учун Ўзбекистон Президенти, ҳукумати ҳамда халқига чуқур миннатдорлик билдиргани маълум қилинган. Афғонистоннинг  «Afghanistan International» телеканали томонидан афғон делегацияси аъзоларининг анжуманнинг бориши ҳақидаги интервьюлари ҳам намойиш этилди.

Туркиянинг "ТРТ" телерадиокомпанияси Тошкентда бўлиб ўтган анжуманнинг бориши ҳақида репортажни эфирга узатар экан,     Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро тадбир иштирокчиларига йўллаган мурожаати мазмунига алоҳида эътибор қаратди.

Репортажда давлатимиз раҳбари Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишининг олдини олишга чақиргани, акс ҳолда ушбу мамлакатда гуманитар вазият янада ёмонлашиши муқаррар экани ҳақидаги фикрлари келтирилган. Гап миллионлаб одамларнинг тақдири, шунингдек, тинч йўл билан ҳал қилиш учун муайян қадамлар қўяётган, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ўрнатишга, халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилаётган мамлакатнинг муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ҳақида кетмоқда.

«Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан янгича ёндашувни ишлаб чиқишда етакчилик қилмоқда, - дейилади Американинг «The National Interest» журналида чоп этилган мақолада. - Тошкент нафақат хавф-хатарни камайтиришга интилмоқда, балки иқтисодий алоқалар ва минтақавий ривожланишни рағбатлантириш бўйича улкан дастурни амалга оширмоқда».

Америкалик журналист Жейкоб Хейлбруннинг қайд этишича, Афғонистоннинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо-сотиқни осонлаштирувчи транзит давлат сифатидаги концепциясини илгари суриш Афғонистон ҳукуматини мафкурадан кўра иқтисодиёт ва савдога эътибор қаратишга ундаши мумкин.

«Афғонистоннинг барча қўшнилари ичида Ўзбекистон бу борада етакчилик қилиш учун энг қулай маскан», - дейди эксперт.

У АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Афғонистонда хавфсизлик ва алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақиради.

Россия ОАВ, хусусан, «Фергана», ТАСС ва «?нтерфакс» АА анжуман жараёнини тўғридан-тўғри батафсил ёритиб борди.

«?нтерфакс» агентлиги томонидан  Тошкент конференциясига бағишлаб эълон қилинган мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов конференциядаги нутқида Афғонистоннинг хориждаги активларига қўйилган таъқиқни ечиш масалага эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган, бу эса мамлакат иқтисодиётини тиклаш имконини беради.

«Владимир Норов Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч, мустақил ва фаровон давлат сифатида ривожланишидан манфаатдор эканини қайд этди», дея урғуланади мазкур хабарда.

Нашрда маърузачи Ўзбекистон нуқтаи назари  қатъий эканини, яқин келажакда Афғонистон минтақа давлатлари, биринчи навбатда, қўшни давлатларнинг миллий манфаатларига бевосита дахлдор бўлган минтақавий хавфсизликнинг муҳим омили бўлиб қолишини баён этгани алоҳида таъкидланган.

«?нтерфакс» АА конференция иштирокчиси - ?қтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хусрав Назирий  ўз ташкилоти Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Афғонистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий тикланишига ҳисса қўшадиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирганига алоҳида эътибор қаратган.

ТАССнинг хабар беришича, тадбирда сўзга чиққан Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий унинг мамлакати барча қўшни давлатлар билан яхши муносабатлар ўрнатишни исташини ва халқаро ҳамжамиятга берилган ваъдани бажариш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлади.

Ушбу агентлик томонидан эълон қилинган яна бир материалда БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг мурожаатидан иқтибос  келтирилган: «БМТ Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш, гуманитар ёрдам кўрсатиш, барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этади».

Шунингдек, материалда Ўзбекистон Афғонистоннинг янги ҳукуматини террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узишга чақиргани қайд этилган.

«Фергана» АА анжуманда Афғонистонда барқарорликни таъминлаш кафолатлари белгилангани ҳақида маълум қилган.

«Коалицион ҳукумат ва аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш Афғонистонда барқарорлик кафолатидир. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов айтиб ўтди»,  деб ёзади «Фергана» ахборот агентлиги.

Бундан ташқари, агентлик Афғонистон иштирокида амалга оширилаётган «Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар» темир йўли қурилиши бўйича кенг кўламли лойиҳанинг хавфсизлик кафолатлари ҳақида ҳам маълум қилган. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ?сматулла Эргашевнинг Россия ОАВга маълум қилишича, Афғонистон томони йўл қурилиши хавфсизлигини таъминлайди, бунда Ўзбекистон ва Покистондан хавфсизлик бўйича мутахассислар жалб этилади. Айни пайтда мазкур лойиҳага халқаро инвестицияларни жалб этиш бўйича фаол ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Мисрнинг «news.in-eg.com» электрон нашрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норовнинг Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан бўлиб ўтган учрашувига бағишланган мақола эълон қилинди.

Унда қайд этилганидек,  учрашув чоғида Афғонистон делегацияси Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси ўз вақтида бўлгани, бу халқаро ҳамжамиятга Афғонистондаги вазият ҳақида батафсил маълумот олиш имконини бериши таъкидланган.

«Бундан ташқари,  афғон делегацияси раҳбари Ўзбекистон томонига Афғонистонга кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами, жумладан, Термиз шаҳридаги кўп тармоқли транспорт-логистика хаби фаолияти, шунингдек, энергетика ва инфратузилма лойиҳалари учун самимий миннатдорлик билдирди, - дейилади материалда.- Владимир Норов афғон томонини халқаро ҳамжамиятнинг асосий талабларини имкон қадар тезроқ бажариш, жумладан, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, қизларнинг тўлиқ мактаб таълимидан фойдаланишини таъминлаш бўйича самарали чоралар кўришга даъват этди».

Мухтасар қилиб  айтганда, халқаро ОАВнинг Тошкент анжуманига тезкорликда ёндашуви халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон муаммосига бефарқ эмаслигини намоён этади, шунингдек, конференциянинг аҳамияти ва, умуман, Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатда тинчлик ҳамда барқарорликка эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини аниқ кўрсатиб берди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net