Туркманистонда Ўзбекистондаги ислоҳотлар юқори баҳоланди

17.02.2020 11:11

АШХОБОД, 15 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Туркманистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, жорий йилнинг ?лм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши муносабати билан брифинг ташкил этилди.

Тадбирда Туркманистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус раҳбарлари, халқаро ташкилот, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ички ва ташқи сиёсатда амалга оширилаётган ислоҳотлар минтақада иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очгани, Марказий Осиёда ишонч руҳидаги мулоқот механизмини қайта тиклаш имконини бергани таъкидланди.

Анжуманда Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида 2019 йилда эришилган натижалар хусусида сўз юритилди, Мурожаатномада белгиланган жорий йилги мақсадлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўз навбатида, иштирокчилар қисқа даврда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда эришилган натижаларга юқори баҳо берди. Халқаро нуфузли журнал “The Economist” Ўзбекистонни "Йил мамлакати", дея эълон қилгани олиб борилаётган ўзгаришларнинг халқаро эътирофи экани қайд этилди.

2020 йилда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ишларга миллий концепция доирасида алоҳида аҳамият қаратилиши таъкидланди. Бу иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни, шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини қабул қилишни кўзда тутади. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда ахборот технологияларини ривожлантириш мақсадида эълон қилинган "1 миллион дастурчи" лойиҳаси ҳам айни мақсадларга қаратилган.

Шунингдек, брифинг иштирокчиларига 2020 йилда амалга ошириладиган сармоявий лойиҳалар юзасидан ахборот тақдим этилди. Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар, хусусан, март ойида ўтказиладиган Тошкент халқаро инвестиция форуми юзасидан маълумотлар берилди.

Анжуман доирасида мамлакатимиз туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган “Ўзбекистонга ташриф” видеофильми ҳам намойиш этилди, халқ амалий санъати кўргазмаси ташкил қилинди. Унда Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган дурдона – Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари тўғрисида маълумот берувчи рисола, китоб, журнал ва материаллар тарқатилди.

Брифингда Қозоғистон ва Грузиянинг Туркманистондаги элчилари Еркебулан Сапиев ва Мамук Мурджикнели сўзга чиқди, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолаб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномада илгари сурган ташаббуслари аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган Марказий Осиёда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш минтақавий дастури лойиҳаси Туркманистон кенг жамоатчилигига тақдим этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракатларидан бири Марказий Осиёда сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва бошқариш соҳасидаги ташаббусларда намоён.

Ўз навбатида, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларида мамлакатлар раҳбарлари ҳам сув масалаларини дўстлик ва яхши қўшничилик асосида ҳал қилишга тайёр эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Анжуманда минтақавий дастур лойиҳалари мақсадлари юқори баҳоланиб, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологияларни биргаликда жорий этиш, сув ҳисобини юритиш ва мониторингини яхшилаш, шунингдек, реал вақт режимида сув ресурслари тўғрисида маълумот алмашиш имконини бериши қайд этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net