Туркиядан муносабат: Ўзбекистон раҳбари минтақавий фаолликни янада фаоллаштиришга чақирмоқда

11.03.2021 13:44

АНҚАРА, 11 март. /"Дунё" АА/. Туркия экспертлар ҳамжамияти Ўзбекистоннинг халқаро алоқалари, шу жумладан, қўшни давлатлар билан муносабатлари тараққиётини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг шу кунларда Ўзбекистонга амалга ошираётган давлат ташрифи ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Куршад Зорлу, Йозгат университети бошқарув ва иқтисодий билимлар факультети декани, Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида қатор мақолалар ва китоблар муаллифи, сиёсатшунос:

- Ушбу ташриф нафақат Ўзбекистон ва Қирғизистон, балки Марказий Осиё минтақаси ва, янада кенгроқ назар соладиган бўлсак, бутун туркий олам учун катта воқеа бўлди, деб аташ мумкин.

Биринчидан, икки қўшни давлат ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш доимо фойдали ва ўзаро манфаатлидир.

?ккинчидан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик туркий дунёнинг муҳим қисми бўлган Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни янги босқичга олиб чиқишда алоҳида аҳамиятга эга.

Янги сайланган раҳбарларнинг биринчи хорижий сафарлари, одатда, рамзий маъно касб этишини таъкидламоқчиман. Бироқ Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи юксак аҳамияти, сермазмун ва самарали музокаралар билан ажралиб турибди. Ташриф давомида икки мамлакат ўртасида қатор битим ва шартномалар имзоланди. Кўриниб турибдики, иккала давлат ҳам ўзаро ҳамкорликка катта аҳамият бермоқда ва унинг изчил ривожланишидан манфаатдор.

Ўзбекистон Қирғизистоннинг турли қийинчиликларни ортда қолдириб, минтақадаги давлатлараро муносабатларнинг янада фаол субъектига айланишини чин дилдан истайди.

?кки давлат раҳбарлари яқин мулоқот қилиш, ўзаро ва минтақавий масалалар бўйича фикр алмашиш имкониятига эга бўлди. Ташриф Ўзбекистон Қирғизистон учун ҳам ташқи сиёсат, ҳам иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларида асосий шериклардан бири бўлгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини ифода этди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net