Туркиядан муносабат: Ўзбекистон конструктив ва яратувчан ташқи сиёсатга содиқ қолмоқда

04.03.2021 13:39

АНҚАРА, 4 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ?қтисодий ҳамкорлик ташкилоти (?ҲТ)нинг 14-саммитидаги нутқи Туркия экспертлар ҳамжамияти вакиллари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Куршад Зорлу, таниқли сиёсатшунос, Йозгат университети менежмент ва иқтисодий билимлар факультети декани, Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида қатор мақола ва китоблар муаллифи, профессор:

- Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги тўрт йил ичида нафақат Ўзбекистондаги ислоҳотчилик фаолиятини жонлантиришга, балки халқаро ҳамкорлик уфқларини кенгайтириш орқали улкан минтақа бўйлаб сиёсий ва иқтисодий муносабатларга сезиларли туртки беришга муваффақ бўлди.

Ушбу тенденция натижасида Ўзбекистонда янги геосиёсий ўзига хослик шаклланмоқда. Бугун расмий Тошкент нафақат кенг қамровли, шу жумладан, турли шериклар билан кўп томонлама алоқаларни фаол ривожлантирмоқда, балки макро минтақавий даражадаги ҳамкорлик фаоллаштириш учун қатор амалий таклифларнинг ташаббускори бўлмоқда. Қўшни давлатлар ва бошқа шериклар билан муносабатларда, масалан, АҚШ, Россия, Хитой ва Туркия каби халқаро муносабатларнинг субъектлари билан Президент Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликка асосланган муносабатларнинг янги моделини яратди. Ўзбекистон раҳбарининг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон бошчилигидаги видеоконференция шаклида бўлиб ўтган ?ҲТ 14-саммитидаги нутқи ушбу янгиланишлар руҳида бўлди.

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида минтақавий шерикликни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида мутлақо конструктив тасаввурни тақдим этди, шунингдек, пандемия оқибатларини бартараф этиш, савдо алоқаларини тиклаш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, транспорт ва логистика соҳаси, озиқ-овқат хавфсизлиги, "яшил иқтисодиёт"ни ривожлантириш ва молиявий ҳамкорлик соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифларни илгари сурди.

Биз буни нафақат Ўзбекистоннинг ташаббускор ташқи сиёсатининг, унинг ?қтисодий ҳамкорлик ташкилоти орқали аввалги алоқаларининг мантиқий давоми, балки Евроосиёнинг муҳим макро минтақасида шерикликни ривожлантиришга қўшимча туртки беришга қаратилган янги қадам сифатида ҳам баҳолаймиз. Ўзбекистоннинг ?ҲТда илгари сурган ташаббуслари Туркия раислигининг устувор йўналишларига мос келгани ва ташкилотнинг бутун маконида ҳамкорликни инклюзив ривожлантириш учун янги синергиялар яратиши бизни, айниқса, қувонтирди.

Туғрул Чамаш, сиёсатшунос, АнкаСАМ (Анқара) таҳлил маркази шарҳловчиси:

- Эксперт ва таҳлил доираларда ?ҲТ минтақасининг оддий бўлмаган геосиёсий табиати тан олинади. Бу ерда турли кучларнинг стратегик манфаатлари бир-бирига боғланган бўлиб, улар, очиғини айтганда, баъзан бошқа-бошқа йўналишли, қийин мақсад ва вазифаларни кўзлайди.

Шу сабабли, манфаатларнинг умумий асосларини топиш, диққат ва ресурсларни ?ҲТ ҳудудидаги ўзаро ҳамкорлик йўналишларига тўғрилаш қобилияти кўп қиррали ҳамкорликка нисбатан нозик, ижодий, шунингдек, самимий ёндашувларни талаб қилади. Президент Шавкат Мирзиёев айнан шундай калитларни топа олди. Унинг таклифлари ?қтисодий ҳамкорлик ташкилотининг тузилмалари ва аъзо давлатларда амалий қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон конструктив, яхши қўшничилик, бир сўз билан айтганда, яратувчан ташқи сиёсатни давом эттиришга содиқ қолмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунда Марказий Осиёда мутлақо янги, ижобий сиёсий муҳит ҳукм сурмоқда. Ушбу минтақада янги геосиёсий статус-квонинг шакллангани яққол кўзга ташланмоқда. Ўзбекистоннинг кенг минтақадаги, шу жумладан, ?ҲТ маконидаги изчил фаолияти Марказий Осиё атрофидаги макроминтақада ҳам худди шундай фойдали таъсирга умид қилиш имконини бермоқда.

Ўзбекистоннинг ?ҲТ доирасидаги фаоллиги катта ютуқ бўлиб, бу ташкилотни мустаҳкамламоқда, кучайтирмоқда ва унинг тараққиётига ҳисса қўшмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net