Туркия матбуоти Ўзбекистон Президентининг ташрифи олий даражада ўтганини эътироф этмоқда

22.02.2020 11:27

АНҚАРА, 22-февраль. /“Дунё” АА/. 19-20 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи мазкур мамлакат кенг жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, мамлакат расмий манбалари, жумладан Туркия Президенти Матбуот хизмати, Анатолия хабар агентлиги, ТРТ Давлат телерадиокомпанияси, етакчи оммавий ахборот воситалари ташриф жараёнини кенг ёритиб бормоқда.

Хабарларда Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши самарали ўтганлиги, музокараларда мамлакатларимиз ҳамкорлигига оид кўпгина масалалар ва уларнинг ечимлари, келгусидаги истиқболли вазифалар ҳамда қўшма лойиҳалар юзасидан келишувларга эришилгани таъкидланмоқда. Ташриф якунида имзоланган ҳужжатлар, айниқса Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисидаги Қўшма баёнот, шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид шартномалар юқори баҳоланмоқда.

Шунингдек, матбуотда Ўзбекистон – Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар тарихида янги саҳифа очгани, икки давлат ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари билан қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган янги лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани ва бу жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олингани муҳим натижа сифатида эътироф этилмоқда.

Айниқса, Туркия матбуоти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида юқори мартабали меҳмон сифатида иштирок этган ягона хорижий давлат раҳбари бўлгани алоҳида таъкидланмоқда. Ушбу  муҳташам кутубхона биносида муҳтарам Президентимиз ва унинг рафиқаси биринчи фахрий меҳмон сифатида таклиф этилганликлари, кутубхонанинг тантанали очилиш маросимида президентларимиз бир-бирларига китоблар туҳфа этганликлари чуқур маъно касб этиши бот-бот қайд этилмоқда.

Мамлакат оммавий ахборот воситалари хабарларидаги яна бир эътиборни тортадиган жиҳат, бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи якунида давлатимиз раҳбарини Анқара аэропортида Президент Режеп Таййип Эрдоған рафиқаси билан биргаликда шахсан кузатиб қўйгани зўр мамнуният билан таъкидлангани бўлди. Халқаро тажрибада, айниқса Туркия давлат дипломатия протоколи бўйича бу тартиб икки мамлакат ва уларнинг етакчилари ўртасида эришилган самимий ва илиқ муносабатларнинг юксак даражасидан далолат бериши эътироф этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net