Тошкентда I Халқаро авиация форуми ўз ишини бошлади

19.02.2020 14:08

ТОШКЕНТ, 19 февраль, /«Дунё» АА/. Бугун Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» кўргазмалар залида «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» биринчи халқаро авиация форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, мазкур халқаро тадбирни ўтказишдан мақсад ва соҳага давлатимиз раҳбари томонидан қаратилаётган эътибор хусусида тўхталди.

— Туризм соҳасини ривожлантиришда транспорт тизимини такомиллаштириш энг муҳим шартлардан бири ҳисоблангани учун ҳам бугунги кунда Ўзбекистон Президенти бошчилигида авиация соҳасига катта эътибор қаратилмоқда, — деди Азиз Абдуҳакимов.— Бу борада, хусусан давлат бошқарув тизимини яхшилаш мақсадида Транспорт вазирлиги ташкил этилди, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК таркибий жиҳатдан бир-биридан мустақил бўлган иккита «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports» компанияларига ажратилди. Шу билан бирга, халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ 2019 йилнинг 1 октябридан бошлаб «Қарши», «Нукус», «Термиз» ҳамда “Бухоро” халқаро аэропортларида «Очиқ осмон» режими жорий қилинди. Ҳозирда мазкур аэропортларга парвозларни амалга оширишни ташкил этиш юзасидан қатор хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш доирасида сўнгги уч йилда республикамизга қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 15 тадан 23 тага етди.

Тадбирда шунингдек, Транспорт вазири Элёр Ғаниев ҳам сўзга чиқиб, сайёҳлар оқимини ошириш ва бунда транспорт тизимини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Биринчи халқаро авиация форуми Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти томонидан БААнинг «Fair Exhibition Organizers» компанияси ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net