Томас ГЛАУБЕН: Ўзбекистон мисолида барқарор ривожланаётган ва ишончли ҳамкор мамлакатни кўрамиз

25.01.2020 11:23

БЕРЛ?Н, 25 январь. /«Дунё» АА/.  Лейбниц номидаги иқтисодий ўтиш давридаги давлатларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти директори Томас Глаубен «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Сўзим аввалида Ўзбекистон халқи ва Президенти ишончига сазовор бўлган янги ҳукумат ва парламент аъзоларини табриклашга ижозат бергайсиз, - деди у. - Президент Шавкат Мирзиёев Мурожаатномасида 2020 йилда мамлакат олдида турган кўп вазифалар, мақсадларни белгилаб берди. Янги таркибдаги парламент ва ҳукумат эса халқнинг умидларини оқлаши керак.

Ўзбекистон раҳбарининг мамлакат келажаги учун астойдил қайғураётгани ва бор куч-ғайратини сафарбар этаётганини кўрмоқдамиз. Фикримча, Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси сўнгги уч йилда амалга оширилган  ўзгариш ва ислоҳотларнинг муҳим босқичи бўлди. Бошқа томондан бу кейинги ривожланиш ҳаракатларига янги туртки ҳамдир.

 ?лм-фан соҳаси вакили сифатида Ўзбекистоннинг олий ва ўрта махсус таълим тизими, хорижий университетлар билан ҳамкорликка қаратилган истиқболдаги ислоҳотлари ҳақида эшитиш мен учун қизиқарли бўлди. Ўзбекистон Президенти томонидан қўйилган вазифаларнинг амалга оширилиши, аввало, замонавий билим ва кўникмага эга кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилишни тақозо этади. Зеро, улар Ўзбекистон келажагидир.

Молия ва иқтисодиёт соҳаларида мамлакат эришаётган ютуқлардан ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. «Doing Business» рейтингида Ўзбекистон ўз ўрнини яхшилагани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Бу, шубҳасиз, хорижий инвесторларни мамлакат ривожланишига имкон берадиган янги лойиҳаларга сармоя киритишга ундайди.

Президент, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш иқтисодиётнинг тикланишида муҳим ўрин тутишига эътибор қаратди.

Яна бир жиҳат – қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар ҳақида сўз юритиш даркор. Босқичма-босқич бозор талабларига ўтиш, пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси амалиётидан воз кечиш, соҳани ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш зарур. Сир эмас, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий этмасдан фермерлик тизимида натижага эришиш мушкул. Президент Шавкат Мирзиёев бу соҳада ҳам парламент олдида турган режаларни аниқ белгилаб берди.

Ушбу жараёнларда Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, хусусан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ҳамкорликка тайёрмиз. Бу борадаги илк қадам сифатида институтимизда ўзбекистонлик мутахассислар учун ажратиладиган ўринлар сонини оширишдан бошланишини маълум қилмоқчиман. Шу билан бирга, ҳамкорликда ҳудудлар ҳосилдорлигини ошириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини аниқлаш лойиҳаларини бажаришда яқиндан шерикликни таклиф этамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net