Таиландлик экспертлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шимолий иқтисодий ҳамкорлик халқаро форумидаги нутқини юқори баҳоламоқ

01.11.2020 17:12

БАНГКОК, 1 ноябрь. /«Дунё» АА/. Таиланднинг эксперт-таҳлилий ва илмий доиралари вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумидаги нутқи тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ютагорн Вонгвиан, Таиланд Миллий Ассамблеяси юқори палатаси сенатори:

- Бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори суръатларда ривожланмоқда. Шу сабабли Корея Республикаси узоқни кўзлаган ҳолда Ўзбекистон билан яқин сиёсий, иқтисодий ва савдо алоқаларини олиб бормоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган янги инвестиция сиёсати Жанубий Корея сармоядорларининг Ўзбекистонда барқарор ишлаши учун қулай шароит яратмоқда, шу боис ҳозирги кунда республикада қатор йирик инфратузилма ва инвестиция лойиҳалари биргаликда амалга оширилмоқда.

Сўнгги ўн йилликларда Жанубий Корея салмоқли информацион-коммуникациявий ва тиббий салоҳият яратди. Шу маънода Ўзбекистон учун мазкур мамлакат барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда яхши ҳамкор ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг Жанубий Корея ва бошқа қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлиги мамлакатни мисли кўрилмаган ютуқларга олиб боришига ишонаман.

Чалонгхоб Суссангкарн, Таиландни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти директорининг ўринбосари:

- Менинг фикримча, бу самарали учрашув бўлди. Карантин бўлишига қарамай, сиёсатчилар шу каби глобал мавзулардаги форумларни ўтказиши жуда муҳим, чунки коронавирус абадий эмас, аммо эртанги кунга ҳозирдан эътибор қаратиш ва хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни унутмаслик лозим.

Маълумки, Ўзбекистон Корея Республикаси билан яқин, очиқ ва ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатган. Айтиш мумкинки, бугунги кунда Жанубий Корея билан ўзаро манфаатли ва самарали иқтисодий ҳамкорлик одатий ҳодисага айланди. Ҳар биримиз косметика ва маиший кимё маҳсулотларидан тортиб мобиль телефонлар ва машиналарга қадар корейс маҳсулотларидан кундалик ҳаётимизда фойдаланамиз.

Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзаро алоқаларни, шу жумладан минтақавий форматни янада кенгайтириш бўйича таклифлари Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига фойда келтиради.

Ҳозирги каби синовли даврларда ҳамжиҳат бўлиш зарурлигини ҳамма тушунади ва бу барча қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Ўйлайманки, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорлик туфайли Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти янада ўсади.

Ноп Випракрасит, «VIPMEDIZ» компанияси тадқиқот дастурлари директори, профессор:

- Анжуманда деярли барча юқори мартабали иштирокчиларнинг чиқишларида COVID-19 пандемияси ва унинг дунё давлатлари иқтисодиётига салбий таъсирига қарши биргаликда курашиш масаласига эътибор қаратилганини таъкидламоқчиман.

Ўзбекистон Президентининг бугунги кунда коронавирус пандемиясининг глобал миқёсда тарқалиши оқибатларига қарши биргаликда ҳаракат қилиш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлиги тўғрисидаги фикрига тўлиқ қўшиламан.

Компаниямиз тезкор ва аниқ диагностика тизимларини ривожлантириш учун замонавий лабораторияларни яратиш билан шуғулланади. Шу маънода ушбу йўналишда Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканимизни билдирамиз.

Яқин кунларда биз Ўзбекистонга коронавирус оқибатларини биргаликда бартараф этиш бўйича ўз таклифларимиз, шу жумладан инвестицион руҳдаги лойиҳаларимизни тақдим этиш ниятидамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net