ШҲТ делегацияси Ўзбекистон марказий савлов коммиссияси раҳбарияти билан учрашди

10.07.2021 11:43

ТОШКЕНТ, 10 июль. /«Дунё» АА/. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Владимир Норов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга  ташриф доирасида Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида Зайниддин Низамходжаев Ўзбекистон ва ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан  Ўзбекистон вакиллари ШҲТнинг иштирокчи мамлакатлардаги парламент ва президент сайловларидаги миссиясида мунтазам иштирок этиб келаётганликларини юқори баҳолаб, сайлов тизимида амалга оширилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, жорий йилда «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлиги, ушбу ҳужжат билан бир қатор қонунлар қаторида Конституцияга ҳам ўзгартиришлар киритилганлиги, шунингдек,«Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги янги қонуни билан ҳам сайлов тизимига қатор янгиликлар жорий қилинганлиги қайд этиб ўтилди.

Таъкидланганидек, эндиликда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат суд томонидан кўриб чиқилиши, Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси аъзолари сонини кўпайтириш, сайлов бюллетенига киритиладиган номзодлар ҳақидаги маълумотларни камайтириш борасидаги қоидалар ҳам янги қонунда белгиланган. ЕХҲТ Д??ҲБ миссиясининг тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган мазкур қоидалар сайловларнинг халқаро стандартлар ва замонавий тенденциялар асосида ўтишини таъминлашга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев Бош котиб Владимир Норов ва ШҲТ кузатувчилар миссиясини бўлажак президент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф этди.

Ўз ўрнида Владимир Норов юқорида қайд этиб ўтилган ўзгаришлар ва таклифдан мамнун эканлигини билдирар экан, муҳим сиёсий жараёнларни кузатишда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг етакчи экспертларини жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, ШҲТ фаолияти, хусусан, Марказий Осиё минтақасини ривожлантириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, Буюк ипак йўли қайта тикланишини фаоллаштириш, Хитойнинг ташқи сиёсати, электрон тижорат бўйича тажрибаси хусусида ҳам қисқача тўхталиб ўтди. 

Бош котиб пандемия шароитига қарамасдан дунё ҳамжамияти сайловларни демократик ва хавфсиз тарзда ўтказишга интилаётганини ва бунда жамият аъзоларининг ҳам фаоллиги кузатилаётганлигини алоҳида эътироф этди.   

Конструктив ва самимий ўтган мулоқот сўнггида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net