Сенат Раиси Эрон элчиси билан парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

15.01.2021 10:55

ТОШКЕНТ, 15 январь. /«ֿДунё» АА/. Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Эрон элчиси  Ҳамид Найрободий билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сенат ахборот хизмати маълум қилишича, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Эрон парламентларида дўстлик гуруҳларининг ташкил этилиши парламентлараро муносабатларнинг ривожланишига хизмат қилиши таъкидланди. Хусусан, уларнинг фаолияти қонун ижодкорлиги, парламентаризм, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини излашга қаратилган, шунингдек, тажриба алмашиш юзасидан ҳам доимий мулоқотлар олиб бориш йўлга қўйилмоқда.

Эрон элчиси сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар кенгайиб, сиёсий соҳадаги сермаҳсул мулоқотлар фаоллашганини ижобий баҳолади. Бундан ташқари, Президентимиз раҳнамолигида жадал суръатларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, шу жумладан, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат муаммосини бартараф этиш бўйича кўрилаётган самарали ишлар ва эришилган натижалар ҳамда болалар меҳнатига барҳам берилганини алоҳида эътироф этди.

Томонлар икки мамлакат парламентлари аъзолари ўртасида барча даражалардаги алоқаларни тизимли давом эттиришдан манфаатдор эканлигини билдириб, парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, умуман, Ўзбекистон – Эрон алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштиришда парламентлараро муносабатлар ўз ҳиссасини қўшишини қайд этди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net