Сенат қўмитасида Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти дастлабки тарзда муҳокама

25.08.2021 16:07

ТОШКЕНТ, 25 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига  кўра, мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар, хусусан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Ташқи ишлар вазирлиги 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича фаолият олиб боргани таъкидланди.

Ташқи ишлар вазирлигининг фаол иштирокида 2021 йилнинг биринчи ярмида давлат раҳбарининг 40 дан ортиқ ташрифи ва хорижий мамлакатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлари ташкил этилди. ?кки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида вазирлик ва идоралар, мамлакат ҳудудлари ҳокимликлари вакилларининг хорижий мамлакатларга 125 та ташрифи ташкил этилди.

Вазирлик томонидан хориждаги дипломатик ваколатхоналар билан биргаликда ҳисобот даврида жами 411,5 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномалари тузилди. 88,27 миллион долларлик беғараз техник ёрдам ва грантлар жалб этилди.

Маҳаллий маҳсулотлар экспортини янада самарали тарғиб қилиш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида 706 та турли тадбир, тақдимотлар ўтказилди, хорижий оммавий ахборот воситаларида 719 та материал чоп этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар ташқи сиёсий идоранинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан яқин ва самарали ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш, дипломатик миссиялар томонидан таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш борасидаги фаолиятини танқидий кўриб чиқди. Бундан ташқари, янги истиқболли экспорт бозорларининг таҳлилий ишланмалари ва маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижаларини тегишли вазирлик, идора, тадбиркорлик тузилмалари ва етакчи экспорт қилувчи корхоналарга тезкор тақдим этиш муҳимлиги қайд этилди.

Сенаторлар Сенат қарорлари ва Сенат қўмиталари қарорларининг айрим бандларини, хусусан, юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича «йўл хариталари»ни амалга ошириш, шунингдек, хориждаги Ўзбекистон дипломатик миссиялари раҳбарларининг ҳисоботларини парламентда эшитиш юзасидан аниқ тавсиялар берди.

Мажлис якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net