«Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар ки

05.02.2021 11:24

ТОШКЕНТ, 5 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Парламентнинг юқори палатаси маълумотига кўра, ушбу қонун сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувларни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у билан бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда.  

Жумладан, миллий экспертлар тавсиялари доирасида ишлаб чиқилган таклифлар асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда. Шунингдек, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Бундан ташқари, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларини кузатувчилар ўз ташрифи ҳақида камида 3 кун олдин хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда. Яъни:

-сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда;

-сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда;

-сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилмоқда;

-сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Киритилаётган ўзгартишлар билан сайловларни октябрь ойида ўтказиш таклиф қилинди.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиради, сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтиши, Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги кўрсаткичлари яхшиланишига эришилади. Шунингдек, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яратади. Ушбу ҳужжат билан фуқароларнинг сайловларда фаол иштирок этишига эришилади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар яратилади.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади ва ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттиради.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net