Сардор Умурзоқов Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири билан икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада жадаллаштириш м

17.07.2020 16:01

ТОШКЕНТ, 17 июль. /«Дунё» АА/. Кеча, 16 июль куни ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.

Учрашув давомида глобал эпидемиологик вазиятнинг ривожланиш тенденциялари ҳамда икки мамлакат ҳукуматлари томонидан коронавирус тарқалишига қарши кураш, пандемиянинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

П.Сийярто пандемияга қарши курашда Ўзбекистон томонидан кўрсатилган гуманитар ёрдам учун самимий миннатдорлик билдириб, Венгриянинг бошқа мамлакатлардан олган барча гуманитар юклари орасида Ўзбекистоннинг ёрдами ҳажми жиҳатидан энг катта эканини таъкидлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон жорий йилнинг баҳорида коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва аҳолини ҳимоя қилишда гуманитар ёрдам сифатида Венгрияга 650 минг дона тиббий ниқоб юборган эди.

Мулоқот давомида, шунингдек, инвестиция, савдо ва молиявий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликда кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди. Венгрия томони тадбиркорларнинг Ўзбекистон компаниялари билан инвестиция ҳамкорлиги ва саноат кооперациясини ривожлантиришга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади. Ушбу соҳадаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мақсадида мева-сабзавот ва тўқимачилик тармоғида ҳамда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда янги саноат кооперацияси лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ишга туширилган лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама ўзаро ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳаракатларни бирлаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Томонларга кўра, Венгрия илғор компаниялари ишланмалари асосида дори-дармон ишлаб чиқаришнинг барча жараёнларини ўз ичига олган қўшма корхоналарни ташкил этишни назарда тутувчи фармацевтика саноатидаги ҳамкорлик ҳам муҳим устуворликка эга.

Учрашувда ўзаро савдо ҳажмини оширишда сезиларли ютуқларга эришилгани алоҳида таъкидланди. Жорий йилнинг 5 ойи якуни бўйича ўзаро савдо айланмаси кўрсаткичлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоиз ўсишга эришилди. Шу нуқтаи назардан, икки давлат раҳбарларининг ўтган йилнинг октябрь ойида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТДҲК) йиғилиши доирасида бўлиб ўтган учрашувида Венгрия билан савдо айланмасини 100 миллион АҚШ долларига етказиш бўйича «Йўл харитаси»ни амалга ошириш юзасидан биргаликдаги ишларнинг муҳимлиги таъкидланди. Бу борадаги вазифаларни жадаллаштириш мақсадида Венгрияда Ўзбекистон - Венгрия савдо уйини ташкил этиш истиқболлари бўйича фикр алмашилди.

Музокаралар жараёнида томонлар Банк-молия соҳасидаги шерикликни ривожлантириш бўйича аниқ қадамларни белгилаб олди. Жумладан, Ўзбекистонда Венгриянинг «ОТП банки» ни очиш истиқболлари, шунингдек, Венгрия Эксимбанки маблағларини жалб этган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Суҳбат жараёнида ҳар икки мамлакат ишбилармон доираларининг яқин ҳамкорлигини таъминлашдаги ютуқлар ҳам алоҳида қайд этилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон — Венгрия ишбилармонлик Кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини келишиш жараёни якунланди. Мазкур тузилма фаолияти Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон жамоалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилади. Шунингдек, ушбу йўналишда кооперацион биржанинг жорий йил сентябрь ойида «B2B» и «G2B» шаклидаги ишини видеоконференция тарзида ташкил этишга келишиб олинди.

Ҳамкор томон Европа ?ттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясини илгари суришда «Ўзбекистон – Венгрия – Европа ?ттифоқи» шаклидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон – Европа ?ттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик битимини келишиш доирасида фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бу Ўзбекистон — Европа муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имкон яратади.

Учрашув якунида иқтисодий ҳамкорлик бўйича жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон — Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг 6-йиғилишини ва ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форумни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, янги инвестиция ва савдо битимларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишилди. Бу, ўз навбатида, икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш имконини беради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net