ТОШКЕНТ, 3 июль. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида бўлиб турибди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг шахсий телеграм-каналида ёзди.
«Давлатимиз раҳбари бугун тонгда видеоселектор йиғилиши ўтказиб, Қорақалпоғистоннинг барча туманлари билан мулоқот қилди, - деб ёзди Шерзод Асадов. - Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг кечаги мурожаатидан кейин вазият барқарорлашган, ҳаёт ўз маромига қайтмоқда».
Президент матбуот котиби қайд этганидек, кеча давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган эди. Ҳудуд коменданти ушбу ҳолат бўйича ахборот бериб, вазият тўлиқ назоратга олинганини таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати сурати