Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан табрик йўллади

12.12.2020 10:19

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1992 йил 8 декабрда фаол муҳокамалардан кейин қабул қилинган. Янги мустақил давлатнинг асосий қонуни БМТ Низоми, ?нсон ҳуқуқлари тўғрисидаги 1948 йилги Умумжаҳон декларацияси ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактлардан келиб чиқадиган халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойиллари ва нормаларини табиий равишда ўз ичига олган.

Жорий йил мамлакат ўз Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллигини кенг нишонлади. Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек халқига байрам табриги йўллади.

Давлат раҳбари ўз табригида Асосий қонуннинг қоида ва тамойилларидан келиб чиқиб, мамлакатда тўрт йил олдин Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилингани ҳамда кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар бошланганини таъкидлади. Уларнинг ҳуқуқий асосини Конституцияга 7 марта киритилган ўзгартиришлар, қабул қилинган 5 та кодекс ва 250 га яқин қонун ташкил этмоқда.

Ўтган қисқа даврда жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Ана шу улкан салоҳиятга таяниб, халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

 “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда, деди Ўзбекистон Президенти.

Конституция моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Аввало, Асосий қонунда кафолатланган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Яна бир муҳим конституциявий тамойил – инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳаларда, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг тасдиғини кейинги тўрт йилда 2 минг 600 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, 2 минг 400 нафар шахс суд залидан озод қилингани, 7 та суд босқичи 3 босқичга келтирилиб, суд тизими “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта ташкил этилаётганида кўриш мумкин. Мамлакатда ?нсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда.

Афв институтини қўллаш борасидаги ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Шу йилнинг ўзида билиб-билмай жиноятга қўл урган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлган 300 дан ортиқ шахс афв этилиб, жазони ўташ жойларидан озод қилинди, 200 нафар маҳкумнинг жазо муддатлари қисқартирилди.

Узоқ вақт фуқароликка эга бўлмай келган инсонлар бугунги кунда ўзларини тўлақонли Ўзбекистон фуқаролари деб ҳис этмоқда. Ўтган йигирма беш йилда 482 нафар шахсга фуқаролик берилган бўлса, биргина жорий йилда 8 мингдан зиёд киши шу ҳуқуққа эга бўлди. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш муҳимлиги ҳақидаги даъвосига муносиб жавобдир.

Президент Шавкат Мирзиёев дорий йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган қатор глобал ва минтақавий ташаббуслар, аниқ амалий таклифлар халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланганини алоҳида қайд этди.

Октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган ?нсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди.

Мамлакатда инвестиция ва бизнес муҳити яхшиланаётгани, туризм ва экспорт салоҳияти юксалиб бораётгани, Халқаро меҳнат ташкилотининг стандарт ва қоидалари ҳаётга фаол татбиқ этилаётгани самарасида Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни йил сайин юксалмоқда.

Давлатимиз раҳбари табригида асосий эътиборни хорижий мамлакатлардаги фуқароларимизнинг мавжуд муаммоларини тезкор ва ижобий ҳал этиш, уларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда Ватанимизга қайтариш борасида бу йил аниқ чора-тадбирлар амалга оширилганига қаратди. 

«Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари янги қонунларни қабул қилиш ва амалдаги меъёрий-ҳуқуқий базани оптималлаштириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади. Ҳозир ушбу йўналишда 2021-2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, мамлакатда жамоат тартибини сақлаш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ғайратли ёшларнинг ҳаётий манфаатлари, сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини таъминлаш бўйича ишлар кучайтирилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net