Президент прописка тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тасдиқлади

14.05.2020 16:46

ТОШКЕНТ, 14 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонунни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Адлия вазирлиги манбасига асосланиб.

 Киритилган ўзгартишларга кўра:

«доимий прописка» тушунчаси ўрнига «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаси киритилди;

фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган бошқа манзилдаги уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш мумкин бўлди;

оилага тарбияга олинган (патронат) болалар – тутинган ота-онанинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;

эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ва 1 йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланди;

Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари), шунингдек, уларнинг оила аъзолари мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинадиган бўлди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net