Президент фармони: энди коронавирусга таҳлил натижалари 3 кунда телефон орқали хабар берилади

28.07.2020 15:21

ТОШКЕНТ, 28 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА  мухбири.

Фармонга мувофиқ, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш бўйича қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди:

- ҳар бир оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда мобил гуруҳлар ташкил қилинади ҳамда улар учун соддалаштирилган йўриқнома ишлаб чиқилади;

- лаборатория текшируви амалиётига хусусий секторни жалб қилган ҳолда экспресс-тест ва иммунофермент таҳлили усуллари киритилади.

Шунингдек, аҳоли томонидан мурожаат қилинганда ҳамда уларда касаллик белгилари аниқланганда тезкорлик билан коронавирус инфекциясига таҳлил олиш ва таҳлил натижаларини 3 кунлик муддатда уларни шахсий телефон рақамлари орқали хабардор қилиш чоралари кўрилиши белгиланди.

Тиббиёт муассасалари ўртасидаги ахборот алмашиш тизимини соддалаштириш мақсадида – ҳисоботлар тури, даврийлиги ва бошқа қоғозбозликлар билан боғлиқ жараёнлар электрон тизимга ўтказилади.

Фармонга кўра, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда коронавирус касаллигига чалинган беморларга уй шароитида ёрдам кўрсатишнинг тегишли тартиби жорий қилинади.

 Унга кўра:

 - ҳар бир оилавий поликлиника кесимида умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамшираси учун аниқ хонадонлар тақсимланади ҳамда умумий назорат оилавий поликлиника мудири томонидан амалга оширилади;

- ҳар бир туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида тажрибали шифокорлардан иборат касалликка чалинган беморларни саралаш ва эвакуация қилиш, даволаш жараёнини мониторинг қилиш гуруҳлари тузилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида бирламчи бўғин шифокорлари билан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг врачлари тезкор (оператив) маслаҳатлашиш ва беморлар аҳволини тўғри баҳолай олиш имконини берадиган алоқа тизими ўрнатилади;

- оилавий поликлиника мудири ҳар куни касаллик белгиларсиз (симптомсиз), енгил кечаётган беморлар, улар билан мулоқотда бўлган шахслар сони, аҳволи, шунингдек, даволаш муолажаларини олаётган беморларда касаллик кечиш динамикаси тўғрисидаги маълумотларни телефон ёки онлайн видеоалоқа тизими орқали туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг оилавий поликлиникалар бўйича мувофиқлаштирувчисига етказиб боради;

- уй шароитида даволанаётган беморлар аҳволида салбий ўзгаришлар кузатилган тақдирда мобил гуруҳга мурожаат қилиб, беморни туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига тегишли тиббиёт муассасаларига ётқизиш чораларини кўради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net