«Peace International» журналининг махсус сони Ўзбекистондаги ислоҳотларга бағишланди

06.02.2020 10:29

?СЛОМОБAД, 6 февраль. /«Дунё» АА/. Покистонда ойда бир чоп этиладиган «Peace International» журналининг навбатдаги сони Ўзбекистондаги парламент сайловлари натижалари ва мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга бағишланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу махсус нашр ташаббускори журнал бош муҳаррири Тоҳир Фарук бўлиб, у Ўзбекистондаги сўнгги бор ўтказилган парламент сайловларини ёритиш учун Ўзбекистонга келган.

Мақолалар муаллифлари Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайлов натижаларини юқори баҳолайди.

«Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон янги юксак марраларни забт этгани, хорижий сармоядорлар учун узоқ муддатли ва ишончли шерикка айлангани қувонарлидир», – деб ёзилади мақолалардан бирида.

Журналда келтирилишича, Ўзбекистондаги сармоявий муҳит ва инвесторларни ҳимоя қилишнинг институционал шакллари мавжудлиги Хитой, Германия, Россия, Туркия, Жанубий Корея ва дунёнинг бошқа мамлакатларидан ишбилармонларни жалб қилмоқда.

“Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иш бошлаганидан буён Ўзбекистон дунёнинг сайёҳлик марказига айланиб бормоқда. Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ҳар томонлама яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, умуман иқтисодиётни диверсификация қилиш ва либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Aгросаноат мажмуаларини барпо этиш шериклар билан ҳамкорликнинг юқори даражасида”, – дейди мақола муаллифларидан бири.

Ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар, шунингдек, Ўзбекистоннинг йирик саноат шаҳарларидаги кичик саноат зоналари хорижий инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мақолаларда Ўзбекистон Президентининг туризм соҳасидаги инновацион ислоҳотлари 2020 йилда янада кўпроқ хорижий сайёҳларни жалб қилган ҳолда миллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим йўналишлардан бири бўлиши таъкидланади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан сайёҳлар учун қулай шароит яратилгани юзасидан фикрлар билдирилади.

Ўзбекистондаги парламент сайловлари натижаларига бағишланган материалларда ўтган йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистоннинг ?сломободдаги элчихонаси қошида ташкил этилган сайлов участкаси фаолияти кенг ёритилган. Жумладан уларда шундай дейилади:

“Элчихонада ташкил этилган 22-сайлов участкасида овоз бериш эрталаб соат 8:00 да бошланди. Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишда фаол иштирок этди. Фуқаролар сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларга овоз берди”.

Муаллифлар элчихонада сайловчилар учун яратилган қулайликларни юқори баҳолайди.

«Peace International» журналининг махсус сонида Ўзбекистонда парламент сайловлари кўп сонли халқаро кузатувчилар иштирокида ўтказилгани тўғрисида маълумотлар берилган.

Дарҳақиқат, 825 нафар кузатувчи, шунингдек, 41 та давлатдан иборат тўққизта халқаро ташкилот вакиллари ҳудудларда сайлов жараёнини кузатди.

Журналда сайловлар очиқ ва ошкора руҳда ўтгани айтилади: “Сайловчиларнинг 71 фоиздан кўпроғи сайловда қатнашди ва овоз берди. Бу Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар йўлидаги жиддий қадамдир”.

«Диний туризм Ўзбекистон билан Покистон ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшади» сарлавҳали мақоласида покистонлик журналист Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти билан учрашуви натижалари ҳақида батафсил маълумот беради.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати Покистон билан зиёрат туризми йўналишида ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистонга дунёнинг турли давлатларидан кўплаб сайёҳлар келиши кузатилмоқда. Бу асосан сайёҳлар учун яратилган қулай шароит ва виза режимининг либераллаштирилиши билан боғлиқ», деб таъкидлайди муаллиф.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистон билан Покистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши Покистондан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг сезиларли ортишига ёрдам беради.

– Ўзбекистон зиёрат туризми бўйича йирик марказлардан бири сифатида халқаро миқёсда тан олинган. Ўзбекистонда 7 мингдан ортиқ бебаҳо тарихий ва маданий мерос объектлари мавжуд.

Материалда 2017 йилда Ўзбекистонга 2,6 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюргани, 2018 йилда эса улар сони 5,4 миллионга етганига эътибор қаратилади. Бу каби натижага Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида виза тартибининг соддалаштирилгани, туризм ривожи учун яратилган қулайликлар туфайли эришилгани қайд этилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net