Парламент дипломатияси дунё мамлакатлари орасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни шакллантиришда муҳим ўрин тутади

25.05.2020 15:55

ТОШКЕНТ, 25 май. “Дунё” АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Парламент дипломатияси — халқаро майдонда янги Ўзбекистон имиджини мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси” мавзусида видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Қонунчилик палатаси манбасига асосланиб.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Унда хорижий мамлакатлар парламентлари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатимиз миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш ва амалга оширишда парламент дипломатиясининг имкониятларини таҳлил қилиш ва уни ривожлантириш истиқболларига оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, миллий парламентимиз ўтган қисқа давр мобайнида кўплаб нуфузли халқаро парламентлараро ташкилотларнинг фаол иштирокчисига айланди. Сўнгги уч йил давомида мамлакатимиз Парламентлараро ?ттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламентлараро ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси каби нуфузли парламентлараро уюшмаларга аъзо бўлди.

Видеоконференция иштирокчилари парламент дипломатияси мамлакатимиз ташқи сиёсатининг узвий таркибий қисми сифатида халқаро муносабатларнинг мазмуни, даражаси ва истиқболига катта таъсир кўрсатишини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистонда парламент дипломатиясини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси Концепцияси” лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда муҳокама қилинмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси парламент дипломатиясининг асосий тамойиллари сифатида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларининг устуворлиги, давлатларнинг суверен тенглигини ҳурмат қилиш, ички ишларига аралашмаслик, парламент дипломатиясининг мақсад ва вазифалари давлатнинг миллий манфаатларига мувофиқлиги, халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш кабиларни таъкидлади.

Бундан ташқари, йиғилишда хорижий инвестициялар ва ташқи савдо масалаларига оид тасдиқланган кўплаб “йўл хариталари” ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ҳам Олий Мажлиснинг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Видеоконференция якунида билдирилган таклифлар ҳамда фикр-мулоҳазалар асосида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net