Охирги уч йилда Ўзбекистон батамом ўзгарди, буни бутун дунё эътироф этмоқда - Содиқ Сафоев

14.02.2020 10:20

ТОШКЕНТ, 14 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Сенат Раисининг биринчи ўринбосари оммавий ахборот воситалари учун интервью берди. Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ифода этилган устувор йўналишлар, хусусан, парламент зиммасидаги вазифалар, Сенатнинг халқаро алоқалари хусусида сўз боради, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати манбасига таяниб.

— Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон парламентининг фаолиятини янада такомиллаштиришга оид чуқур илмий таҳлилларга асосланган фикрлар, ташаббуслар илгари сурилди, — деди Содиқ Сафоев. — Биз замонавий, рақобатбардош, стратегик ҳамкор, инсон манфаатларини таъминлашни мақсад қилган давлат ва жамиятни бунёд этмоқчи эканмиз, бунда парламентнинг роли тобора ортиб бориши керак.

Ўзбекистон каби ислоҳотлар жараёнидаги жамиятда бир-бирига ишончсиз, мураккаб, оғир ислоҳотларни амалга ошириб бўлмайди. Айнан шу ижтимоий ишонч парламент фаолияти билан бевосита боғлиқ. Чунки бу ишонч бевосита халқ билан ҳокимият ўртасидаги боғлиқлик манбаидир.

Охирги уч йилда Ўзбекистон батамом ўзгарди, десак, муболаға бўлмайди. Бу нафақат бизнинг жамиятимиз тан олган ҳақиқат, балки бугун бутун дунёда эътироф этилаётган фикрдир. Уч йил мобайнида биз ислоҳотларнинг бирламчи, яъни уларнинг асосини ташкил қилувчи вазифаларни амалга оширдик. Натижада Ўзбекистон замонавий, тараққий этган давлатлар сафига кириши учун замин яратилди.

Президентимизнинг 2020 йилни ?лм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилиши нафақат бу йил, балки келажак ўн йилликнинг стратегик вазифасидир.

Бу шунчаки йил номи эмас, балки Ўзбекистоннинг келажак тақдирига дахлдор масаладир. Рақамли иқтисодиёт давлат ривожининг барча соҳаларига бирдек тааллуқли.

Бугун бутун дунёда авж олаётган тўртинчи саноат инқилоби биздан тараққиётга нисбатан батамом бошқача ёндашувларни талаб этмоқда. ?лгариги меъёрлар, ўлчовлар билан бугунги давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимига ва айниқса, иқтисодий сиёсатимизда тараққиётга эриша олмаймиз. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган масала ҳаммамиздан ўз устимизда ишлаш, янги сифат даражасига чиқишни талаб қилади.

Шу ўринда миллий парламентимизнинг олдида турган энг долзарб масалалар қуйидагилар назаримда. Биринчиси, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш. Ўзбекистонда ҳам тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни жорий этиш вақти келди. Яъни қонун қабул қилинганидан кейин у бевосита ҳаётимизга, иқтисодиётимизга, ижтимоий-маданий соҳаларимизга ўз таъсирини ўтказа оладиган ҳужжат бўлиши керак. Уни ишлатиш учун қўшимча қарорлар, фармонлар, баъзида бир бирига зид келадиган меъёрий ҳужжатлар қабул қилишга эҳтиёж қолмаслиги лозим. Бу борада янги парламентимиз олдида жуда муҳим вазифалар турибди. Аввало, қонунларни қабул қилаётганда, депутатларимиз тегишли соҳанинг мутахассиси даражасида билимга эга бўлиши зарур. Масаланинг яна бир томони, Сенатда ҳам бу ҳақда ўйлаяпмиз, ҳар бир қўмитанинг қошида экспертлар кенгашини таъсис этиш лозим, назаримда. 

Бугунги замон қонун ижодкорлиги жараёнларининг очиқлигини талаб этади. Қонунларни ёпиқ хоналарда эмас, уни биринчи концептуал кўриб чиқиш босқичидан бошлаб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш керак. Бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштироки ҳам жуда муҳим.

Қонунлар бевосита Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда тегишли халқаро нормаларнинг уйғунлашуви, мамлакатимиз ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг акс этиши долзарб меъёрлардан биридир.

Яна бир масала - парламент назорати институтидан самарали фойдаланиш. Ҳокимият органлари, ҳукуматнинг жойлардаги ҳудудий бошқармалари қандай ишлаётганини назорат қилиш, уларнинг халқ билан мулоқотини таъминлашда ҳам палаталар вакиллари фаоллик кўрсатиши керак.

Парламентимизга катта ишонч билдирилиб, илгари бўлмаган – Давлат бюджетини назорат қилиш вазифаси юкланди. Биздан бугун Бюджетномани тўла шакллантириш ва унинг ижросини таъминлаш талаб этилмоқда. Кўп йиллар давомида бу функция юзаки бажариб келинган.

Бу йилдан бошлаб бюджет масалалари нафақат марказда, балки маҳаллий Кенгашларга ҳам шундай ҳуқуқ берилдики, улар ҳам жойларда бюджет қандай тақсимланяпти, нимага сарфланяпти -  устидан назорат олиб боради.  

Айни пайтдаги солиқ ислоҳотлари туфайли жуда катта маблағлар жойларда қоляпти. Бу пуллар йўл қурилишигами, мактабгами, боғча қуришгами, соғликни сақлаш тизимигами, қаерга сарф қилинаётгани жамоатчилик назорати остига олинади.

Жойларда маҳаллий Кенгашлар депутатларига шундай ҳуқуқлар бериляптики, ўз лавозимига номуносиб давлат идоралари раҳбарларини ишдан олиш ваколати берилмоқда. Шунинг учун ҳам Кенгашлар депутатларидан жонкуярлик, жасорат талаб қилинмоқда.

Охирги пайтларда парламентаризмнинг нуфузини кучайтириш мақсадида жуда кўп янгиликлар амалга оширилди. Шулардан бири Ҳукуматнинг парламент олдида жавоб бериши институтининг жорий этилганидир. Бунда Ҳукуматга аниқ масалаларни қўйиб, аниқ жавоблар олиш мақсад қилинган.

Аслида давлатимиз раҳбари бизнинг олдимизга қўйган энг долзарб масалалардан бири ҳам шу. Маҳаллий Кенгашларни ривожлантирмасдан туриб, демократик жараёнларни тўлақонли таъминлаяпмиз, деб айта олмаймиз.

Давлатимиз раҳбари Сенатнинг биринчи мажлисида юқори палата олдига халқаро алоқалар соҳасида ҳам жуда катта вазифаларни қўйди. Сенат фақатгина Ташқи ишлар вазирлиги ёки ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ахборотини эшитиш билан чекланмасдан, мамлакатимиздан тайинланган элчиларнинг фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш вақти келганини айтиб ўтди. Парламент эшитувларида уларнинг фаолиятига баҳо бериш масаласи қўйилди. Баҳо берганда ҳам, элчилар бевосита ҳудудлар тараққиётига қандай ёрдам кўрсатяпти, инвестицияларни қай даражада олиб келмоқда, деган саволни дангал қўя олиш лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан чегарадош бўлган ягона давлат. Шунинг учун минтақада Ўзбекистоннинг мавқеи ўзгача. Ўзбекистондаги вазият нафақат мамлакатимиз учун, балки бутун минтақа учун катта таъсир кўрсатади. Бу ҳам халқаро даражада тан олинган бир омилдир.

Бу борада Ўзбекистонда сўнгги йилларда бўлаётган, шу жумладан, инвестицион иқлимни яхшилаш бўйича ўзгаришлар фақатгина Ўзбекистон учун эмас, балки Марказий Осиё учун муҳим аҳамиятга эга.

Нимага? Чунки йирик инвесторлар тор миллий иқтисодиёт ҳудуди билан унча қизиқмайди, уларга кенг минтақавий ҳудуд керак. Улар учун фақатгина 35 миллионлик Ўзбекистон бозори эмас, балки 100 миллионлик Марказий Осиё бозори қизиқроқ. Шунинг учун Марказий Осиё учун Ўзбекистонда бўлаётган ҳозирги ўзгаришлар ниҳоятда муҳим.

Сўнгги йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар, Жаҳон банкининг Doing business кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистоннинг рейтинглари қандай ортиб бораётгани ҳақида биласизлар. Сўнгги йил мобайнида ўтган йилдагига нисбатан деярли уч баравар кўпроқ инвестиция Ўзбекистонга келди.

Бу шуни кўрсатяптики, жараён бор, у тобора мустаҳкамланмоқда. Лекин шу билан бирга ҳали қилинадиган ишлар ҳам кўп. Бу ҳақда биз, парламент аъзолари ҳам бош қотиришимиз керак.

Бундан ташқари, Мурожаатномада Президентимиз БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масаласи ҳам парламент фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида тўхталди. Бу мақсадлар ҳар бир соҳага, ҳар бир ҳудудга етиб боришида айнан парламент масъул этиб белгиланди. Мен яна бир янгиликни айтиб ўтмоқчиман. Ҳар икки палата ҳузурида асосий вазифаси БРМга эришишни таъминлашдан иборат бўлган янги қўшма комиссия ташкил этилмоқда. Унинг фаолияти ривожланиш мақсадларининг ҳудудларда ижросини таъминлашга қаратилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net