МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтди

06.11.2020 16:28

ТОШКЕНТ, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбирлари Музаффар Комилов ва Зафар Юлдашкулов (фото).

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган мажлисга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислик қилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот хизмати маълумотига кўра, онлайн-тадбирда Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон Бош вазирлари, Россия Федерацияси ҳукумати Раиси, Арманистон Бош вазири ўринбосари, Қирғизистон Президенти вазифасини бажарувчи ва Бош вазири, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири иштирок этди.

Мажлис қатнашчилари асосий эътиборни МДҲ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалаларига, шунингдек, коронавирус инфекциясининг тарқалишига самарали қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга қаратди. Бунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги эркин савдо зонасининг тўлиқ ишлаши муҳимлиги таъкидланди.

Ҳамдўстликка аъзо давлатлар халқларининг фаровонлиги ва турмуш сифатини ошириш учун яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳукумат раҳбарлари Ҳамдўстликдаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашади, 2030 йилгача бўлган даврда МДҲ иқтисодий ривожланиш стратегиясининг биринчи босқичини (2021-2025 йилларда) амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасини муҳокама қилди.

МДҲ мамлакатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг базавий тамойиллари ва асосий йўналишларини белгилаб берадиган ушбу ҳужжат Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш, юқори технологик транспорт тизимларини яратиш, агросаноат комплексини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни рақамлаштиришни ривожлантириш, илмий-техникавий ва фан-таълим салоҳиятини юксалтириш ҳамда молиявий ва ижтимоий-иқтисодий сингари соҳаларда ҳамкорликни тараққий эттиришга қаратилган.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича транспорт, энергетика, қурилиш, таълим, маданият, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини, шунингдек, ёшлар сиёсатини ривожлантиришга оид жами 23 ҳужжат имзоланди.

Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, инновациялар, уруш қатнашчилари – маҳаллий можаролар иштирокчилари ва уларнинг оилалари ҳаётини яхшилашга оид дастурлар;

минтақалараро ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги муҳандислиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш концепциялари;

транспорт хавфсизлиги ва МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ҳаракатлар режалари;

жамиятнинг рақамли ривожланиши ва радиоактив материалларни трансчегаравий ташиш соҳасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи шартномалар шулар жумласидан.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2021 йил 28 май куни Беларусь Республикаси раислигида Минск шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net