Коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашиш учун грантлар жалб қилиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди

28.04.2020 14:17

ТОШКЕНТ, 28 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов раҳбарлигида грантлар ва узоқ муддатли имтиёзли молиялаштириш манбаларини жалб қилиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 22 апрелда «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилган эди.

Видеоконференция шаклида ўтган йиғилишда ?нвестициялар ва ташқи савдо, Ташқи ишлар, Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, тармоқ идоралари, ихтисослаштирилган муассаса ва тижорат банклари раҳбарларининг ушбу қарор ижроси, коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларига қарши курашиш чораларининг жорий ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

Ушбу чора-тадбирлар соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, давлат бюджети, банк тизими ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, коммунал ва энергетика корхоналарининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ижтимоий соҳага йўналтирилган ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилгандир.

Мулоқот чоғида глобал инқирознинг мамлакатимиз иқтисодиётига таъсирини камайтириш учун жалб қилинган маблағлардан мақсадли фойдаланиш механизмлари муҳокама қилинди.

Учрашув якуни бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ раҳбари томонидан вазирлик, идора, маҳаллий ҳокимият органлари ва тижорат банкларига ҳар бир ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаси учун молиялаштиришнинг ҳақиқий эҳтиёжларини батафсил ҳисоб-китоб қилиш бўйича манзилли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Пандемия туфайли келиб чиққан ҳозирги шароитда республика фуқаролари ва тадбиркорлик субъектларига энг самарали ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган халқаро молия институтларининг маблағлари ва грантларидан фойдаланишни мақбуллаштириш вазифаси қўйилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net