Канада парламенти билан манфаатли алоқалар қандай йўлга қўйилган?

26.06.2020 11:40

ТОШКЕНТ, 26 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раҳбарлигида Канада қонун чиқарувчилари билан биргаликда Парламентлараро дўстлик гуруҳининг биринчи онлайн учрашуви ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати манбасида қайд этилишича, тадбирда Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов, «Канада — Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи раиси, ушбу мамлакат парламенти Жамоалар палатаси аъзоси Зиёд Абултоиф, канадалик сенатор ва депутатлар иштирок этди.

З.Абултоиф Ўзбекистон парламентининг янги таркиби депутатларини қутлар экан, ўзи бевосита халқаро кузатувчи сифатида қатнашган Ўзбекистондаги парламент сайловларига юқори баҳо берди. Депутатнинг фикрича, Ўзбекистонда парламент сайловлари очиқ ва демократик тамойиллар асосида ўтказилди, унинг қонуний ташкил этилганига шубҳа йўқ.

Онлайн мулоқот давомида томонлар дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ ҳолатдан хавотирда эканини айтиб ўтди.

Ўзбекистон ва Канадада мазкур глобал таҳдидга қарши курашиш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳақида ўзаро маълумот алмашилди. Шу аснода пандемиянинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларда парламентлар алоҳида роль ўйнаётгани таъкидлаб ўтилди.

Жамоалар палатаси депутати Роберт Олифант Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича амалий чораларга юқори баҳо берди. Унинг қайд этишича, эришилган муваффақиятлар Ўзбекистонда бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигидан далолат беради. Р.Олифант фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашида Канадани қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, томонларнинг халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирларини қўллаб-қувватлаши, ўзаро фойдали савдо-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар алоқаларда эришилган натижалар алоҳида эътироф этилди.

Сенатор Ёна Мартин парламентлараро ҳамкорлик соҳасида ҳали ишга солинмаган улкан имкониятлар мавжудлигига тўхталиб ўтди. У истиқболли йўналишлар, жумладан, туризм жабҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида икки мамлакат парламентларининг ўзаро ташрифлар алмашинувини йўлга қўйиши муҳимлигига урғу берди.

Музокараларда ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришда парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳим экани таъкидланди. Зеро, улар барча йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун халқаро шартномаларни тезда ратификация қилишда катта аҳамият касб этади.

Бинобарин, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларга пандемия салбий таъсир этишининг олдини олиш мақсадида парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш зарур.

Томонлар БМТ, ЕХҲТ, Парламентлараро иттифоқ каби халқаро ташкилотлар доирасида икки давлат ташаббусларини қўллаб-қувватлашда биргаликда ҳаракат қилишга келишди.

Онлайн музокаралар якунида Ўзбекистон — Канада парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш мақсадида мунтазам мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net