Жорий йилда Тошкент шаҳрида ЕХҲТ билан ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш мавзусидаги халқаро анжуман ташкил этилади

17.05.2022 11:56

ВЕНА, 17 май. /“Дунё” АА/.  Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов бошчилигидаги делегациянинг Вена шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси кўмагида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Одам савдосига қарши кураш бўйича махсус вакили Валиант Ричи билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва ЕХҲТ Одам савдосига қарши кураш бўйича махсус вакили идораси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ташқи меҳнат миграцияси, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Э.Муҳитдинов республикада одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг реинтеграциясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Махсус вакил Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилганлигини алоҳида эътироф этар экан, одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, бундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича мамлакатда амалга оширилаётган тизимли саъй-ҳаракатларга ва эришилган натижаларга юқори баҳо берди.

Суҳбат давомида жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ЕХҲТ томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда «Меҳнат эксплуатацияси ва таъминот занжири учун одам савдосининг олдини олиш» мавзусида халқаро конференцияни ташкил этиш ва унга хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан соҳага оид экспертларни жалб этишга келишиб олинди.

Учрашув якунида томонлар келгуси режалар ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.

ЕХҲТнинг Одам савдосига қарши кураш бўйича махсус вакили идораси Ташкилот котибияти таркибидаги махсус тузилма ҳисобланиб, 2003 йилда ЕХҲТ иштирокчи давлатларининг одам савдосига қарши кураш бўйича мажбуриятларини бажаришга кўмаклашувчи ҳамда ушбу йўналишда ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилувчи юқори даражали механизм сифатида ташкил этилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net