Жорий йил 16 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус касаллиги қайд этилмаган - Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

17.02.2020 11:22

ТОШКЕНТ, 17 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 2020 йилнинг 16 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, дунё бўйича 69 268 нафар, Хитойда 68 584 нафар шахс коронавирус инфекцияси билан касалланиб, кунлик ўсиш 2 008 нафарни (3,0%) ташкил этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Агентлик манбасига таяниб.

Касалланганларнинг 11 272 нафари оғир аҳволда бўлиб, 1 666 нафари ушбу касалликдан вафот этган. Касаллик Хитойдан ташқари дунёнинг 25 та давлатида 684 нафар фуқарода қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши профилактик тадбирлар халқаро тиббий-санитария қоидалари талаблари асосида амалга оширилмоқда.

Коронавирус инфекцияси ташхисини ташкил этиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан Россия Федерациясининг “Роспотребнадзор” хизмати тақдим этган коронавирус диагностикуми олиб келиниб, марказий ва ҳудудий вирусологик лабораторияларга тақсимлаб берилган.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари давомида эпидемиологик кўрсатмага асосан жорий йилнинг 15 февралига қадар жами 1 352 та намуна коронавирус инфекциясига текширилди ва коронавирус инфекцияси аниқланмади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби шуни маълум қиладики, жорий йилнинг 16 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус касаллиги қайд этилмаган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net