Жанубий Кореядан муносабат: 2021 йилда Жанубий Кореядан Ўзбекистонга жалб этилаётган инвестицияларнинг ҳажми кескин ошадиган йил бўлади

28.01.2021 10:49

СEУЛ, 28 январь. /«Дунё» АА/. Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари  Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чже ?н ўртасидаги виртуал саммит натижаларини кўтаринки руҳда кутиб олди.

Жумладан, Жанубий Кореянинг «Hanshin Engineering & Construction Co., Ltd.» компанияси президенти Чои Мун Кью давлатларимиз раҳбарлари ўртасида ўрнатилган самимий ва ишончли муносабатлар нафақат сиёсий ҳамкорликни ривожлантириш, балки икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг шериклигида ҳам муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади.

— Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг онлайн-саммити натижалари мазкур мулоқот дўстона муҳитда ва самарали ўтганини ифода этмоқда, - деди Чои Мун Кью. – Олий даражадаги анжуманда Жанубий Корея компанияларини Ўзбекистонда қўшма инвестициявий лойиҳалар амалга оширишга жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди, «тўртинчи саноат инқилобига» ўтиш жараёнига кўмак бериш мақсадида рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Ўйлайманки, ушбу келишувлар Жанубий Корея ишбилармонлари, шу жумладан, компаниямиз вакиллари учун кенг имкониятлар очади. Биз рақамлаштириш соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва Жанубий Корея бу йўналишда Ўзбекистон учун асосий шерик бўлишига аминмиз.

«Тўртинчи саноат инқилоби» «ақлли шаҳарлар» барпо этишни ҳам назарда тутади. Компаниямиз айнан мазкур соҳада бой тажриба ва илғор технологияларга эга.

Биз Ўзбекистонда амалга оширилаётган қурилиш жараёнларини диққат билан кузатаяпмиз. Қурилиш ишлари ҳажми йил сайин ортиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз.  

Компаниямиз Ўзбекистон бозорига кириш ва ўз ўрнини эгаллаш учун ўтган йилдан буён ўзбекистонлик шериклар билан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Масалан, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида маҳаллий аҳолининг юқори турмуш даражасини таъминлаш мақсадида биз барча зарур инфратузилма билан таъминланган турар-жой мажмуасини қуришни режалаштирганмиз.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қурилиш ишлари сифатини ошириш, биноларни лойиҳалаш, қуриш ва уларга техник хизмат кўрсатишда халқаро тажрибани жорий этишга жиддий эътибор қаратмоқда. «Hanshin» компанияси Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги билан яхлит замонавий лойиҳалаш мажмуасини барпо этиш мақсадида вазирлик ҳузуридаги лойиҳалаш ва тадқиқот институтининг давлат улушини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Биз қурилишнинг барча босқичларида халқаро стандартларга мувофиқ лойиҳалаштириш ва ишлашга қодир лойиҳа-қидирув институтини яратишдан манфаатдормиз.

?кки мамлакат Президентлари ўртасидаги дўстона мулоқот мунтазамлик касб этганини таъкидламоқчиман. Дунёдаги пандемия вазиятига қарамасдан, давлат раҳбарлари турли долзарб масалалар бўйича ўзаро фикр алмашиш имкониятини топмоқда.

2020 йилда ҳам Президентлар телефон орқали икки марта мулоқот қилиб, савдо-инвестициявий, молиявий-техник ҳамкорлик масалалари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида биргаликда қилинадиган ишлар ва коронавирус тарқалишига қарши курашиш истиқболларини кўриб чиқди.

Онлайн-саммит якунлари Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётганига таяниб, хулоса қилишим мумкинки, Корея Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик масаласига алоҳида аҳамият бермоқда. Бу Жанубий Корея компанияларига ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларида кўпроқ ишонч бағишлайди.

2021 йил Жанубий Кореядан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри сармояларни кўпайтириш ва кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширишда катта ютуқлар олиб келишига шубҳа қилмайман. «Hanshin» компанияси эса   амалга оширилаётган лойиҳалар устида ишлашни давом эттиради ва биз мамлакатимиздаги ишбилармонларни Ўзбекистондаги янги лойиҳаларда фаол иштирок этишга чорлаймиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net