Жаҳон ҳамжамияти аудиториясида Ўзбекистон имижини юксалтиришга қаратилган ахборотлар етказиш самарадорлиги оширилади

05.01.2022 09:27

ТОШКЕНТ, 5 январь. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида  жаҳон ҳамжамияти аудиториясида мамлакатимиз имижини оширишга қаратилган ахборотлар етказиш самарадорлигини ошириш вазифалари назарда тутилмоқда, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.

 Фармон лойиҳасида, хусусан, «Дунё» ахборот агентлиги фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш ва жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш вазифалари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон имиджини жаҳон саҳнасида илгари суришни назарда тутувчи чора-тадбирлар мажмуини тайёрлаш ва амалга ошириш, мамлакатимизда ислоҳотларнинг бориши, жамиятни демократик янгилаш жараёнлари ҳақида холис ахборот тарқатишнинг самарали давом эттириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, хорижий давлатларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институтини ташкил этилади.

Хорижда кенг ахборот кампаниясини ўтказиш, жумладан, нуфузли хорижий ОАВда Ўзбекистон ҳақидаги материалларни эълон қилишни ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг асосий дипломатик ваколатхоналарига молиявий ресурслар ажратилади.

Европа мамлакатларининг сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, ишбилармон, маданий-гуманитар ва таҳлилий доиралари вакиллари билан доимий музокаралар олиб бориш, уларга Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида холис ахборот етказиш таъминланади.

Хорижда кенг мақсадли тарғибот тадбирларини, жумладан, Ўзбекистон маданият кунлари, давра суҳбатлари, кўргазмаларни ўтказиш янада кучайтирилади.

Чет элларда Ўзбекистоннинг ютуқларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун Ватандошлар ресурсларини жалб қилинади.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро медиа маконда холисона ёритишга қаратилган ҳамкорликни кучайтиришга доир чора-тадбирларни амалга оширилади.

Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлиги ва соҳада мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш ҳамда истиқболларни белгилаб олиш учун қулай медиа-майдон яратилади.

Халқаро ахборот бозорларига чиқиш, Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари суриш механизмлари, воситалари ва каналларини биргаликда ишлаб чиқиш, халқаро майдонда PR-шериклик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида етакчи хорижий оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнататилади.

Фармон лойиҳаси бўйича муҳокамалар давом этмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net