?нсон қадр-қиммати олий қадрият: Ўзбекистон ва Хитой фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда бирдамликни намоён этди

07.02.2020 15:37

Мамлакатимизда инсон қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади. Бу азалий ҳақиқат сўнгги йилларда янада кўпроқ рўёбга чиқаётир. Хусусан, мамлакатимиз ва хориждаги ватандошлар тақдирига дахлдор масалаларда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган инсонпарварлик амалиётлари фикримизга мисол.

2017 йилнинг август ойи. Бир қарашда одатий кун – кимдир ишга, бошқа биров кундалик юмуш билан овора. Аммо кутилмаган хабар кўпчиликни чуқур қайғуга солди. “?ссиқкўл-Бишкек” автомобиль йўлида йўл-транспорт  ҳодисаси содир бўлгани, унда Ўзбекистон фуқаролари жабрлангани ҳақида хабар тарқалди. Қўни-қўшни, қону қариндош жабрдийдалар хонадонига шошди. Узоқ-яқиндан келганлар улардан кўнгил сўради.

Давлатимиз раҳбари ушбу масалага алоҳида эътибор қаратгани барча ўзбекистонликларнинг ҳамон ёдида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан махсус гуруҳ ташкил этилиб, ҳарбий  транспорт самолётида 6 нафар жабрланган  юртдошимиз Тошкент шаҳрига олиб келинди. Бундай бахтсиз ҳодиса 2017 йилнинг октябрь ойида Россиянинг Владимир вилоятида ҳам содир бўлди. Ўзбекистон раҳбарияти қарорига кўра, ёрдам кўрсатиш ва жабрланганларни олиб кетиш учун у ерга ҳам махсус самолёт ва мутахассислар юборилганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилгани, 2019 йил 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келингани мурувват ва кечиримлиликнинг олий кўриниши бўлди. “Меҳр – 1” ва “Меҳр – 2” инсонпарварлик амалиёти доирасида 220 нафар ватандошимиз юртимизга олиб келинди, уларга барча зарур ёрдам кўрсатилди. Бу амалиёт, ўз навбатида, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди.

Хитойда 2019 йил декабрь ойи ўртасида Хубэй провинциясининг Ухань шаҳрида коронавирус тарқалгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Мамлакатимиз фуқароларининг ушбу мамлакатда бўлиб тургани, шунингдек Хитойнинг яқин ва ҳамкор давлат экани сабаб Ўзбекистон бу масалага алоҳида эътибор билан қаради. Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ чоралар кўрила бошланди.

Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси дастлаб Хубэй провинциясида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида аниқ маълумот тўплашга, зарур ҳолларда уларга кўмак беришга киришди. 2020 йил 26 январь куни Хитой томони Ухань шаҳри ва унга яқин жойлашган Хубэй провинциясининг бошқа шаҳарларида истиқомат қилувчиларнинг карантин ҳудудидан чиқиб кетишига йўл қўймаслик бўйича чораларни кучайтиргач, элчихонамиз Хитойнинг расмий идоралари билан ҳамкорликда у ерда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари профилактикасига катта эътибор қаратди.

Элчихона Хитойнинг тегишли ҳукумат идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди, юртдошларимизга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда давом этиб, улар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борди.

Вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар сабаб эпидемик вазият ҳукм сураётган ҳудудда 81 нафар ўзбекистонлик талаба бўлиб тургани аниқланди. Ушбу давлатдаги дипломатик ваколатхонамиз шаҳардаги талабалар ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида ҳамкор мамлакат университетлари маъмуриятлари билан доимий мулоқот олиб борди.

Хитой Халқ Республикаси ҳукумати томонидан кўрилган тезкор ва қатъий чора-тадбирларга қарамасдан мамлакатда юқумли вирусга чалинганлар ва қурбонлар сони ортиб борди. Жанубий Корея, Таиланд, Непал, Вьетнам, Саудия Арабистони, Германия, Франция, АҚШ, Шри-Ланка, Япония, Австралия ва яна бир неча мамлакатда ҳам унга чалинганлар аниқланди.

Мамлакатимизнинг Пекиндаги дипломатия ваколатхонаси ҳузурида ташкил этилган штаб коронавирус тарқалган минтақаларда юзага келган аҳволни мониторинг қилиш ҳамда Ўзбекистон фуқароларига ҳар томонлама кўмак кўрсатиш юзасидан изчил ишлар олиб борди. Жорий йил 29 январь ҳолатига кўра, Хубэй провинциясида 81 нафар мамлакатимиз фуқароси қолгани аниқланди.

Штаб аъзолари нафақат Хубэй провинцияси, балки бутун мамлакат ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари билан доимий алоқада бўлди. Карантин ҳолати жорий этилмаган ҳудудлардан юртдошларимизнинг Ўзбекистонга қайтишларига кўмаклашиш билан боғлиқ ташкилий ишлар изчил амалга оширилди. Ухань шаҳрида қолган талабаларимиз аҳволи билан боғлиқ вазиятни мунтазам кузатиб бориш, уларга консуллик-ҳуқуқий ва бошқа амалий ёрдам кўрсатишга жиддий эътибор қаратилди. Юртдошларимизда озиқ-овқат, антисептик воситаларга тақчиллик сезилган тақдирда ХХР Ташқи ишлар вазирлиги ва Хубэй провинцияси маъмуриятига расмий мурожаатлар воситасида, шунингдек, ҳомийлар кўмагида зарур маҳсулотларнинг зудлик билан етказиб берилиши таъминланди. Қайд этиш керак, давлатимиз томонидан Ўзбекистон фуқаролари саломатлигини ҳимоя қилишда Хитойнинг мутасадди вазирлик ва идоралари, Хубэй провинцияси маъмурияти яқиндан ёрдам берди.

Ўзбекистон халқи оғир вазиятда ўз яқинига елкадош ва кўмакдош бўлган. Янги турдаги коронавирус сабаб тарқалган касалликнинг фожиали оқибатлари юзасидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга йўллаган мактуби фикримизга ёрқин мисол бўла олади. Давлатимиз раҳбари, ушбу ҳолат Ўзбекистонда алоҳида хавотир ва қайғу билан қабул қилингани, умумий хатарни бартараф этиш мақсадида зарур кўмак кўрсатишга интилишимизни, Ўзбекистон ҳукумати ушбу касаллик тарқалишига биргаликда қарши курашиш чораларини Хитой билан яқиндан мувофиқлаштиришга тайёр эканини билдирди.

Айни фикрлар тасдиғи Ўзбекистон фуқароларининг ҳамкорликда Хитой ҳудудларидан эвакуация қилиниши билан ўз тасдиғини топганини қайд этиш зарур.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 январдаги фармойишига асосан коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилди. Мазкур комиссиянинг 3 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида фуқароларимизни юртимизга қайтариш билан боғлиқ долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Шу тариқа Пекин ва Ухандаги Ўзбекистон фуқаролари чартер рейс билан Ўзбекистонга олиб келина бошланди. Бортида 250 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятига қарашли илк самолёт 4 февраль куни Тошкентга етиб келди. Йўловчилар эса махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди.

– Мазкур муассасалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари, халқаро карантин талаблари асосида жиҳозланган, – деди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов. – Айни пайтда коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилган, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган. Хитой ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остига олиниб, мунтазам тиббий текширувдан ўтказилмоқда, зарур хавфсизлик чоралари кўрилган ва барча хизматлар бепул кўрсатилмоқда.

Хитойдан келган фуқаролар касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида 14 кун давомида қатъий карантинда бўлади.

Ухань карантин ҳудуди, деб эълон қилинган бўлса-да, Ўзбекистон фуқароларини шаҳардан олиб чиқиш бўйича чоралар кўриш бир зум бўлса-да тўхтамади. Ўзбекистон ҳукумати Хитой томони кўмагида ушбу шаҳардан бортида 84 нафар йўловчи бўлган самолётда чартер рейс ташкил қилди. Қайд этиш керак, бепул асосда амалга оширилган рейсдаги йўловчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эмас эди. Улар орасида 5 нафари қозоғистонликларнинг ҳам борлиги миллатимизга хос бағрикенглик, одамийлик ифодаси бўлди.

6 февраль куни тонгда коронавируснинг тарқалиши туфайли Ўзбекистон фуқароларини Хитойдан кўчириш жараёни якунланди. Пекиндан парвоз қилган учинчи чартер рейс Тошкентга маҳаллий вақт билан 4:40да келиб қўнди. Самолёт бортида 251 йўловчи, экипаж аъзолари ва замонавий ҳимоя воситалари билан таъминланган тиббиёт вакиллари бор эди.

Хитойдан олиб келинган юртдошларимизнинг ота-оналари, яқинлари мамлакатимиз ташқи сиёсат маҳкамасига мурожаат қилиб, давлатимиз раҳбарияти ва ушбу жараёнда яқиндан кўмак берган Хитой ҳукуматига ўзларининг самимий миннатдорлигини изҳор қилмоқда.

Улуғбек Шоназаров,

“Дунё” АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net