Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди

06.01.2022 10:11

ТОШКЕНТ, 6 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти «Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу ҳужжатда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларини давом эттириш, маҳаллабай ишлаш орқали фойдаланилмаётган имкониятларни тўла ишга солиш, ҳунармандлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизимини янада кенгайтириш, ҳунармандчилик маҳсулотлари учун янги бозорларни топиш борасида қўшимча чораларни кўриш вазифалари белгиланди.

Жумладан, аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш, «уста-шогирд» анъаналари асосида маҳаллаларда ёшларга ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган маблағларнинг 500 миллиард сўми ҳунармандчилик лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилади.

?мтиёзли кредитлар ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш учун 6 ойгача имтиёзли давр билан 225 миллион сўмгача оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кўзда тутилган шартларда ажратилади.

Қарорга кўра, имтиёзли кредитлар ҳунарманднинг талаби бўйича нақд пул шаклида ҳам тақдим этилади.

Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредит ажратиш бўйича «oilakredit.uz» электрон платформасида ҳунармандларни онлайн навбатга қўйиш ва уларнинг лойиҳаларини кредитлаш учун алоҳида бўлим ишга туширилади.

 Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йилдан бошлаб Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан «уста-шогирд» анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шогирдларга - мустақил фаолиятини бошлаши учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдоридан ошмайдиган қисмига субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилади.

Субсидия ажратиладиган ҳунармандлар ва шогирдлар ҳисоби «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан юритилиб, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг «Онлайн маҳалла» электрон платформаси билан интеграция қилинади.

 Бундан ташқари 2022 йилдан бошлаб «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолари учун, ижтимоий солиқ ставкаси йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланди.

Президент қарорида мамлакатимиз минтақаларида 2022 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаш вазифалари ҳам кўзда тутилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 июнга қадар Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида ҳунармандлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар савдосига ихтисослашган ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо павильонларини ташкил этиши режалаштирилмоқда. Савдо павильонлари хорижий ва маҳаллий туристлар учун мўлжалланган туристик маршрутларга киритилади.

Қарорда 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили «Ўзэкспомарказ» павильонларида «Craft fair Uzbekistan» халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ва технологиялари ярмаркаси ўтказилиши ҳам таъкидланган.

Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва ваколатхоналарининг туризм фаолиятига кўмаклашиш, жумладан, ҳунармандчилик маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш борасидаги фаолияти юзасидан ҳисоботларини ҳар олти ойда бир маротаба Олий Мажлис Сенатида тақдим қилиши қайд этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net